Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро арки синоатлари: Чингизхон босқини, Абулфайзхон фожиаси

Бухоро арки синоатлари: Чингизхон босқини, Абулфайзхон фожиаси

Рим, Афина, Қуддус, Искандария каби буюк тарихга эга Бухоройи шариф очиқ осмон остидаги музей сифатида ўзининг минглаб қадимий обида ва қадамжолари билан номдор. «Осиёдаги савдо шаҳри», Нумижкат, Бумискат, «Мадинат ус-суфрия», яъни «Мис шаҳри»,  «Мадинат ут-тужжор»,  «Фохира»  номлари билан боқий шаҳарга айланган Бухоро  тарихнинг энг бетакрор тимсоли сифатида тилга олинади.

Баҳовуддин Нақшбанд, Саййид Амир Кулол, Чор Бакр каби тарихий мажмуалар,  Чашмаи Аюб, Даҳмаи Беҳиштиён, Ҳазрати Абу Хафс Кабир, Шайх Абу Бакр Гулободий, Хожа Исматуллоҳ Валий каби зиёратгоҳлар, Лаби ҳовуз мажмуаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоси, Мир Араб, Мирзо Улуғбек, Кўкалдош мадрасаси, Мағоки аттор масжиди, тоқилар, миноралар, дарвозалар қатори «Арк» қўрғони ҳам катта тарихга эга.

Бир ҳўкиз терисига сиққан қўрғон

Ривоятларда келтирилишича, Сиёвуш ибн Кайковус отасидан ажралиб, Афросиёб қизига ошиқ бўлиб, унинг ҳузурига келган. Афросиёб унга шарт қўйиб, шу ҳудуддан етти кун ичида бир ҳўкиз терисига сиғадиган қўрғон қуриши ва сўнг қизини унга беришини айтади. Сиёвуш бир ҳўкизни сўйиб, унинг терисини соч толасидек майин кесиб, бир-бирига улаб, майдони қарийб, 5 гектар бўлган ер майдонини айлана шаклда ўраб олади-да, шу манзилда қўрғон бунёд этади. Афросиёб унга қизини беради. Сиёвуш вилоятни обод қилишга киришиб, Бухоро ҳисорини ва Аркини бино қилади. Бироқ, бир хусумат туфайли Афросиёб Сиёвушни ўлдиртиради. Сиёвуш Аркнинг шарқий дарвозаси яқинига кўмилади.

Бошқа бир манбаада Аркнинг бир неча марта вайрон бўлиб, яна қайтадан тиклангани келтирилади. Абу Бакр Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида: «Бухоро ҳукмдори Бухорхудот Бидун ушбу қалъани қурдиради, аммо у тез орада вайрон бўлади. Шунда Бухорхудот донишмандларни чақириб, улардан маслаҳат сўрайди, улар эса қалъани Катта айиқ юлдузлари туркумини эслатувчи етти устун устида қуриш кераклигини айтишади. Ҳукмдор шундай йўл тутади ва Арк мустаҳкам бўлади», дея ёзилган.

Аркнинг эса қачон қурилгани аниқ­ланмаган. Шунга қарамай, Арк қўрғонига Бухоро тарихининг тирик гувоҳи сифатида қаралган. Қўрғон неча-неча қонли жанглар, шафқатсиз истилочию босқинчиларни кўрган. 1220 йилда Чингизхон қўшини шаҳарга бостириб келганида, аҳолининг Арк ичига яшириниб, паноҳ топгани келтирилган.

Тарихда келтирилишича, Арк Ғарбдан Шарққа чўзилган қийшиқ тўртбурчак шаклга эга. Шаҳарнинг ғарбий қисми ўртасида жойлашган. Деворлар айланасига узунлиги 789,60 метр, майдони 3,96 гектар. Майдон сатҳидан баландлиги 16-20 метрни ташкил этади.

Турли сулолаларда барпо этилган диний иншоотлар

Кўҳна Бухоронинг бетакрор манзарасини кафтдек намоён этадиган Арк ҳақидаги эълон қилинмаган манбаалар юзасидан Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраевни суҳбатга чорладик. Ҳалим Тўраевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, Бухоро Аркида диний иншоотлар ҳам мавжуд бўлиб, улар шайбонийлар,  аштархонийлар, манғитлар сулоласи даврида қурилган.

«Арк - Бухоро воҳасидаги қадимий ёдгорликлардан бири. Маҳобати ва қадимийлиги билан Марказий Осиёнинг бошқа тарихий шаҳарларида жойлашган бошқа ҳукмдорлар саройидан фарқ қилади. Бухоро Арки асрлар давомида бир неча марта вайрон этилган бўлса-да, қайта тикланиб, XX асрнинг бошларигача ҳукмдорлар қароргоҳи сифатида ўз вазифасини сақлаб келди. Бухорхудотлар замонида қароргоҳ сифатида шаклланган Аркда маъмурий бинолар билан бирга, диний аҳамиятга молик иншоотлар ҳам барпо этилган. Арк тарихига диний нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, у дастлаб, зардуштийлик даври ёдгорлиги сифатида кўзга ташланади. Қўрғоннинг исломият даври ҳам мавжуд. Диний биноларнинг барпо этилиши ана шу катта даврга тўғри келади. Улар,  асосан, Бухорода ҳукмронлик қилган шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар сулоласи даврида қурилган.

 Бухорхудотлар даврида ҳозиргидан анча кичик бўлган Аркнинг ички бинолари хусусида, деярли маълумот сақланмаган. Фақат Сиёвуш ва унинг қабри тўғрисидаги ривоят Абулҳасан Нишопурийнинг «Хазойин ул-улум» асаридан кейинчалик Наршахийнинг «Бухоро тарихи»га кўчган. Яъни қайнотаси Афросиёб томонидан қатл қилинган Сиёвуш Аркнинг «Дари гуриён» деб аталадиган шарқий дарвозаси олдида дафн қилинган. Қабрнинг Бухоро оташпарастлари томонидан азиз этилиши оқибатида бу жой Бухоро аҳлининг ҳар йил Наврўз куни Қуёш чиқишидан олдин бир хўрозни қурбонликка келтирадиган саждагоҳига айланиб қолди»,-дейди Ҳалим Тўраев.

Маълум бўлишича, Аркнинг шарқий дарвозаси бузилиб кетгач, Сиёвушнинг рамзий қабри Аркнинг ғарбий, яъни Регистон дарвозасига яқин жойга кўчирилган бўлиши, эҳтимол. 1405 йилда Амир Темур вафотидан кейин юз берган ўзаро низолар даврида Шоҳмалик ва амирзода Улуғбек Бухорога келиб, Аркда ўрнашиб олган. Шунингдек, Иброҳим Султон ва Шайх Нуриддин ҳам шу қўрғонда қўним топган.

Аркдаги «саййидлар» қадамжоси

«Арк ҳудуди бир муддат тўрт кишидан иборат икки гуруҳнинг таъсир доирасига ўтган. Яъни шарқий дарвоза ва унга яқин ҳудуд Шоҳмалик ва амирзода Улуғбек, ғарбий дарвоза ва унга туташ ҳудуд эса Иброҳим Султон ва Шайх Нуриддин таъсирида бўлган. Демак, бу даврда шарқий дарвоза олдидаги афсонавий Сиёвуш қабрини зиёрат қилиш анъанаси давом этган. Шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар даврида Аркда олиб борилган қурилиш ишлари даврида Сиёвуш қадамжоси Аркка олиб кирувчи ёпиқ йўлакнинг (долон) ўнг томонидаги равоқли суфалардан бирига кўчирилади. Амирлик даврида бу жойга бир қанча шамдонлар қўйилиб, Сиёвуш руҳига шам ёқилган ва дуои фотиҳалар ўқилган. Бу жой ҳозир ҳам мавжуд. Аркка кириш ёпиқ йўлагининг ўнг тарафида жойлашган Сиёвуш равоқли қадамжоси бир қатор тизилган бошқа равоқлардан ажралиб туриши учун унинг юқори қисми меҳроб шаклида бирлаштирилиб, безак ишланган. Марҳумни ҳовлиларда, аҳоли ўзи истиқомат қиладиган тепаликларда дафн қилиш анъанаси - Бухоро шаҳарсозлигига хос хусусият. Бунинг турли сабаблари бўлиши мумкин. Анъананинг илк кўриниши Аркнинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган Саййид Абдол Ғозий қабри мисолида намоён бўлади. Саййид Абдол Ғозий қабри аркдаги биринчи исломий қадамжо ҳисобланади.

Саййид Абдол Ғозий тўғрисида тарихий манбалар юзасидан қисқа маълумот бериб ўтаман. Унинг тўлиқ номи Амир Жаъфар Таййор Ғозий ибн ҳазрат Шоҳ Абдулманнон ибн ҳазрат Имом Муҳаммад Ҳанифа ибн ҳазрат амир ул-мўминин Али ал-Муртазо. Саййид Абдол Ғозий (яъни Амир Жаъфар Таййор Ғозий)нинг онаси Умар Ҳошимий номли шахснинг қизи бўлган. Кўринадики, Умар Ҳошимий Саййид Абдол Ғозийнинг  она тарафдан бобоси ҳисобланади.Отасининг онаси, яъни Саййид Абдол Ғозийнинг ота тарафдан бувиси Шамсия исмли аёл бўлиб, у учинчи халифа - халифа Усмоннинг қизи эди. Демак, Саййид Абдол Ғозий ота тарафдан халифа Усмоннинг, она тарафдан эса тўртинчи халифа – халифа Али ибн Абу Толибнинг авлоди ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг қизлари Фотима билан жиянлари Али ибн Абу Толиб ўртасидаги никоҳдан тарқалган авлод «саййидлар» деб аталган. Саййид Абдол Ғозийнинг исми ҳам шунга ишора қилади»,-дейди Ҳалим Тўраев.

Суҳбатдошнинг сўзига кўра, Саййид Абдол Ғозийнинг яшаган йиллари тарихий, диний манбаларда кўрсатилмаган. Фақат тахмин қилиш мумкинки, у араб саркардалари Убайдулла ибн Зиёд, Саййид ибн Усмон ҳамда Кутайба ибн Муслимнинг Мовароуннаҳр, жумладан, Бухорога қилган юришлари даврида, яъни VII асрнинг иккинчи ярми ваVIII аср бошларида (балки сал кейинроқ) улар қўшини таркибида Бухорога келган.

Тўғрироғи, Кутайба ибн Муслим қўшинитаркибида Бухорога келиб, ислом динини ёйишда иштирок этган бўлиши керак. «Ғозий» - дин учун курашувчи тахаллуси шундан.

«Саййид Абдол Ғозий» аслида Амир Жаъфар Таййор Ғозийнинг сифати, тахаллуси ҳисобланади. Саййид - пайғамбаримиз авлодидан бўлган шахсларга, Абдол - сўфийнинг Аллоҳга яқинлигини англатувчи мақомига, Ғозий - дин йўлида курашувчи, ҳатто, шаҳид бўлувчиларга нисбатан ишлатилган. Хулоса шуки, Бухоронинг мусулмон халқи Саййид Абдол Ғозий, яъни Амир Жаъфар Таййор Ғозийни улуғлаб, унга юқоридаги сифатларни берган. Ушбу қабр, бизнинг-ча, Бухоро Аркида кейинги даврларда Чилдухтарон, Ҳафт султон мозорларининг шаклланишига асос бўлган. Чунки тилга олинган мозорлар ҳам Аркнинг шимолий-шарқий бурчагида,яъни Саййид Абдол Ғозий қабри яқинида жойлашган. Лекин, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Саййид Абдол Ғозий ҳақиқатан ҳам шу ерда дафн қилинганми, ёки бу ҳам ривоятми? Бу саволга жавоб бериш учун адекват маълумотни келтирамиз. Бухоронинг Тўпхона гузарида Суфёни Саврий мозори бор. Бу гузар XV асрда Дарвозайи Камаргарон, деб аталган. «Тарихи Муллозода» муаллифи бу мозорнинг Суфёни Саврийга тегишли эмаслигини, Суфёни Саврий 776 йил Басрада, яъниИроқнинг жанубидаги шаҳарда вафот этганлигини ва қабри ўша ердалигини таъкидлайди. Бу маълумот «Тарихи Муллозода» қўлёзма асарининг барча нусхаларида, жумладан, Мулло Шариф мирохур томонидан ҳижрий 1315 (милодий 1898) йилдақўчирилган қўлёзма нусхасида ҳам учрайди. У ҳолда, Бухородаги Суфёни Саврий қабри унинг қадамжоси ҳисобланади. Бу ҳолатни Саййид Абдол Ғозий қабрига нисбатан ҳам қўллаш мумкин»,-дкйди суҳбатдош.

Қўрғон бурчагидаги манғитлар сулоласи ҳукмдори

Бухоро ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон даврида унинг қабри устига мақбара қурилган. Мақбара XX аср 80-йилларигача қарийб, тўлиқ ҳолда мавжуд бўлган. Ҳозирда эса унинг бир қисмигина сақланиб қолинган.

Суҳбат давомида Ҳалим Тўраев Бухоронинг 1561–1583 йиллардаги номинал ҳукмдори шайбоний Искандархон номи билан боғлиқ бир масжид ҳам Аркда жойлашганини билдирар экан,  Искандархон фаолиятида масжид қуриш етакчи анъанага айланганини таъкидлайди. Унинг айтишича, «Дарвеши подшоҳон» тахаллуси билан машҳур Искандархон табиатан художўй, ислом арконларига оғишмай, риоя қилувчи шахс бўлган. У Бухоро шаҳрининг Атламиш (иккинчи номи Истемур) гузарида ҳам бир масжид қурган. Аркдаги Искандархон масжиди XVI асрнинг иккинчи ярмида Арк биносининг жанубий қисмида барпо этилиб, бир неча марта таъмирланган ҳолатда бизгача етиб келган.

«Бу ёдгорлик Масжид-хонақоҳ, Хонақоҳи ўрда ҳам, деб аталган. Масжид бурчаклари ярим гумбазли тахмонларнинг тепа қисмига ишланган муқарнаслар билан безатилган. Шимолий-шарқий бурчакдаги муқарнаслар ҳолати нисбатан қониқарли. Гумбаз, меҳроб ва уч кириш эшиги ёдгорлик меъморий композициясининг таркибий қисмини ташкил этади. Масжид яқинидаги имом ва сўфилар истиқомат қиладиган хона ҳозирда мавжуд эмас. Аштархоний Субҳонқулихон жомеъ масжиди - Аркдаги энг кўркам диний иншоотлардан бири. Масжид муқарнасли ўн уч ёғоч устунга таяниб турган айвон, саккиз эшикли асосий бино, бино ичидаги тўрт устунли гумбаз ва тўрт меҳробдан иборат. Асосий бино ва жанубий айвондаги гумбазлар муқарнас услубида безатилган. Аркдаги бу жомеъ масжиди амир Олимхон даврида қайта таъмирланади. Қўрғондаги исломий эътиқод билан боғлиқ қадамжолардан яна бири ҳозиргача сақланмаган Чилдухтарон масжидидир. Чилдухтарон тўғрисидаги ривоят халқ ўртасида кенг тарқалган ва бу номдаги қадамжолар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди. Ушбу масжид манғитлар сулоласининг биринчи ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон томонидан Аркнинг шимолий-шарқий бурчагида барпо этилган»,-сўзлайди Ҳалим Тўраев.

Абулфайзхон етти ўғлини қатл қилдирганми?

Чилдухтарон масжиди яқинида Ҳафт султон мозорининг пайдо бўлишини аштархоний Абулфайзхон номи билан боғлашган. Суҳбатдош Бухоро Арки бинолари тарихини ўрганган Саййид Муҳаммад Носир бирор бир манбага ҳавола бермасдан, бу маълумотни, негадир, ўзининг «Таҳқиқоти Арки Бухоро» асарига киритганини билдиради.

«Гўё бу мозорда Бухоро ҳукмдори Абулфайзхон буйруғи билан қатл этилган унинг етти ўғли дафн қилинган. Мозорга Абулфайзхоннинг етти ўғлидан ташқари, шаҳид бўлган мазлумлар ва ўн икки бегуноҳ боланинг дафн қилингани тўғрисида Саййид Муҳаммад Носириддиннинг бошқа асари - «Туҳфат аз-зойирин»да ҳам маълумот келтирилади. Бухоро тарихий топографиясини тадқиқ қилган И.Умняков ҳам ушбу маълумотга эргашган ва уни изоҳсиз қабул қилган. Лекин тарихий манбааларда, жумладан, «Тарихи Абулфайзхоний» асарида ҳам бундай маълумотлар учрамайди. Отанинг ўз фарзандларини қатлга етказиш сабаблари тўғрисида ривоятда ҳеч қандай изоҳ йўқ. Қолаверса, Абулфайзхоннинг еттита эмас, иккита (баъзан учта ҳам дейилади) ўғли бўлган. Муҳаммад Раҳимхон 1747 йил Абулфайзхонни қатл эттиргач, унинг ўғли Абдулмўминни Бухоро тахтига ўтқизади. Айрим илмий адабиётлар маълумотига кўра, бир йил ўтиб, уни қудуққа ташлаб ўлдиради. Ўрта аср тарихий манбалари ибораси билан айтганда, «Чингиз боғи ниҳолининг меваси бўлмиш Абдулмўминга шаҳодат шаробини ичирди». Абулфайзхоннинг иккинчи ўғли Убайдуллахон тахтга чиқарилганда ҳам давлатни Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзи идора қилган. Аркдаги Ҳафт султон мозорининг пайдо бўлиши тўғрисида шундай қарама-қарши маълумотлар мавжуд. Муҳаммад Раҳимхон томонидан XVIII асрда қурилган меҳмонхона биносининг бир қисмида 1896 йил қорихона барпо этилади. Қорихона ёки «қорихонаи ҳазорхатм» саломхона ҳовлисининг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, ҳозир ҳам мавжуд. Фақат 1928 йил унинг конструкциясида айрим ўзгаришлар қилинди ва у пардеворлар билан бир неча хонага ажратилди. Амирлик даврида бу ерда вафот этган манғит ҳукмдорларининг руҳига бағишлаб, Қуръон тиловат қилинган»,-дейди Ҳалим Тўраев.

Амалдорлар диний-эътиқодий эҳтиёжларига мос шаклланиб келган Арк

Бугунги кунда ҳам Бухоро Аркида реставрациялар олиб борилиб, табиий офат, ёғингарчилик, кучли шамол ва зилзилалар оқибатида тўкилаётган қисмлар қайта тикланмоқда.

«Бухоро вилояти ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ташаббуси билан Бухоро Аркининг вайрон бўлган қисмида ташкил этилган археологик парк йўлаклари юқорида тилга олинган диний ёдгорликлар бўйлаб ўтади ва улар билан яқиндан танишиш имконини беради ҳамда шаҳримиз туристик салоҳияти ошишига хизмат қилади. Биз эса тарихий реставрация нималигини англамаяпмиз, афсуски, Бухоро Аркидаги диний иншоотлар сарой инфратузилмасининг таркибий қисми ҳисобланиб, Аркда доимий истиқомат қилган ҳукмдор, ҳукмдор сулола вакиллари, амалдорлар, давлат хизматчиларининг диний-эътиқодий эҳтиёжларига мос равишда шаклланиб борган»,-дейди Ҳалим Тўраев.

Лайло Ҳайитова

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг