Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборилди

Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборилди

Жорий йилнинг июнь-август ойларида Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан республика ҳудудларида «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонуннинг бажарилиш ҳолати ўрганилган.

Ўрганишларда аҳолига хизмат кўрсатиш борасида эришилган ютуқлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган бир қатор тизимли камчиликлар аниқланган.

Биринчидан, юртимиздаги ўнлаб туман ва шаҳарларда маданият марказларининг биноси капитал ва жорий таъмирга муҳтож, бир қатор маданият марказлари алоҳида бино билан таъминланмаган. Қатор туман ва шаҳарлардаги аксарият маданият марказларининг бинолари эса маданий соҳада фаолият олиб бориш учун мўлжалланмаган бўлиб, белгиланган талабларга жавоб бермайди. Айниқса, имконияти чекланган шахслар учун маданият марказлари биноларининг деярли барчаси ачинарли ҳолатда бўлиб, зудлик билан тегишли чоралар кўришни талаб этади.

Иккинчидан, ҳудудлардаги аксарият маданият марказлари тегишли моддий-техник база билан таъминланмаган; бошқа бир қатор маданият марказларидаги моддий-техник база эса талаб даражасида эмас.

Учинчидан, амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ҳудудий маданият марказлари бевосита Маданият вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар бўлишига қарамай, амалда ҳудудий ҳокимликларга бўйсиндирилган бўлиб, уларга ҳокимлик хўжалик ва хизмат кўрсатиш комплексининг таркибий қисми сифатида қараб келинмоқда. Бунинг оқибатида, маданият марказларида амалга ошириладиган фаолият тури учун талаб этиладиган конструктив муҳитнинг юзага чиқиши қийин кечмоқда.

Ўрганишлар чоғида аниқланган камчиликлар Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни ривожлантириш Концепциясида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш, хусусан, маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг бажарилишини таъминлаш борасида ўзига хос тўсиқ бўлмоқда. Депутатлар томонидан олиб борилган парламент назорати натижалари аниқланган камчиликларга муносиб ечим топиш заруратини кўрсатади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимовга «Республика ҳудудларида маданият марказлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг