Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош вазир ўринбосарининг лавозим мажбуриятлари ўзгартирилди

Бош вазир ўринбосарининг лавозим мажбуриятлари ўзгартирилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Сардор Умурзоқов.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2020 йилдаги 822-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосарининг лавозим мажбуриятларига ўзгартиришлар киритилди, деб хабар бермоқда «Норма».

Ўзгартиришларга мувофиқ, Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосарининг фаолияти инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, республикада қулай инвестиция муҳитини сақлаш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал сектори маҳсулотларининг экспорт ҳажмлари ҳамда географиясини кенгайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган.

Бунда аввал унинг бевосита жавобгарлигига киритилган давлат активларини бошқариш, монополияга қарши сиёсатни ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни мувофиқлаштириш соҳасига боғлиқ масалалар қайта тақсимланди.

 Қуйидаги вазифалар унинг бевосита жавобгарлигидан чиқарилди:

  • божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган замонавий АКТларни жорий этиш, божхона тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш борасида божхона органларининг фаолияти мувофиқлаштирилиши;
  • импорт қилинадиган маҳсулот ҳажмлари ва турларининг ҳар томонлама таҳлил этилишини ташкил қилиш, шу асосда импортни янада қисқартириш, импорт божхона божларини оптималлаштириш, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга доир таклифлар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
  • бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, маҳаллийлаштириладиган янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш юзасидан буюртмаларни жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
  • Президентнинг ҳужжатлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида Ўзбекистон ҳудудида ўзига хос товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензиялар бериш ишларини ташкил этиш. 

 Янги ваколатлар доирасида Президентнинг 18.08.2020 йилдаги «Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6042-сон Фармонига асосан ташкил этилган Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг фаолиятига раҳбарлик қилиш Бош вазир ўринбосари зиммасига юклатилди.

Бундан ташқари, Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси бошлиғи ва мутахассисларининг функционал вазифаларини тақсимлайди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг