Бош прокуратура Рашиджон Қодировнинг собиқ ўринбосарлари қўлга олинганини тасдиқлади
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Рашиджон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича янги маълумотларни ошкор қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий сайтида хабар берилди.
«Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида кўплаб тарқатилаётган ахборотлар фойдаланувчиларда тергов тафсилотлари борасида турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.
Шу муносабат билан, Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ тергов органи дастлабки терговни олиб бориш вақтида жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг муайян қисмидаги маълумотларни ошкор қилинмайдиган деб эътироф этишга ҳақли эканлигини маълум қилади», дейилади хабарда.
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали 2018 йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси даставвал бу маълумотни рад этган, сўнгра 24 февраль куни буни расман тасдиқлаган эди.
Мавзуга доир:
Собиқ Бош прокурорга қўйилаётган айбловлар ўз исботини топса, у қанча муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин?
«Xabar.uz» Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Миллий хавфсизлик хизмати терговчиси Нодир Тўрақулов, Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев, Ўзбекистон Бош прокурорининг собиқ ўринбосари, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Суннатов қўлга олингани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар берган эди. Бугунги хабар билан ушбу маълумотлар расман тасдиқланди:
«Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж.Файзиев ва У.Суннатов ушланган.
Мазкур жиноят иши бўйича тергов сирини ташкил қилмайдиган қўшимча ахборотлар вужудга келиши баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида тегишли маълумотлар чоп этиб борилиши маълум қилинади.
ОАВ вакиллари бунга тушуниш билан ёндашишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим деб ҳисоблаймиз».
Мавзуга доир:
«Қодиров занжири». Яна бир собиқ прокурорга нисбатан жиноят иши очилди
Бош прокуратуранинг расмий хабарида шу пайтгача Рашид ҳибсга олишлар билан боғлиқ маълумотлар нега сир тутилганига қуийдагича изоҳ берилади:
«Бу турдаги маълумотлар терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор қилинмайди.
Бу каби ахборотларни эълон қилиш тезкор тадбирлар ва дастлабки терговга зиён етказиши, айбдор шахсларни ўз вақтида фош этиш ва ушлашга тўсқинлик қилиши мумкин.
Шу тариқа, тергов сирини ошкор этмаган ва жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, Бош прокуратура томонидан қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилаётган жиноят иши доирасида Р.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушланганлиги ҳақида хабар берилган эди».
Мавзуга доир:
Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари қўлга олиндими? (видео)
Эслатиб ўтамиз, мазкур хабарлар эълон қилинган вақтда Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими мазкур хабарларни изоҳламаган, бу маълумотларни на тасдиқлаган ва на инкор этган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter