Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура «Қодиров иши» бўйича маълумот берди

Бош прокуратура «Қодиров иши» бўйича маълумот берди

2019 йил 8 апрель куни интернет тармоғида Amnesty International ташкилотининг гўёки собиқ бош прокурор Р.Қодировга нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатилгани, қўпол муносабатда бўлингани, шунингдек бошқа судланувчиларга нисбатан ҳалигача қийноқлар хавфи сақланиб қолинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати эълон қилинди. Бош прокуратура ушбу хабарга муносабат билдирди:

Бош прокуратура томонидан Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича 22.02.2018 йилда қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

25.02.2018 йил Р.Қодиров товламачилик, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этишда айбланиб, жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Терговнинг бошиданоқ Р.Қодировга ҳимояланиш ҳуқуқи берилган, адвокатнинг барча тергов ҳаракатларида иштироки, шунингдек, у билан ҳеч қандай чекловларсиз ҳоли учрашиш имконияти таъминланган.

Р.Қодиров ва бошқа иштирокчиларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, дастлабки тергов давомида уларнинг соғлиғи Ички ишлар вазирлиги тиббиёт муассасаларининг доимий назорати остида бўлди. Ишни судда кўриб чиқиш жараёнида ҳам доимий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда ва барча зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган алоҳида махсус транспорт воситаси ажратилган.

Тергов давомида суд-тиббий экспертиза ўтказилган, унинг хулосасига кўра, Р.Қодировнинг соғлиғининг ҳолати қамоқда сақлашга тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлган ва унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган.

Таъкидлаш жоизки, Москва шаҳрининг «Щеглов и партнёры» адвокатлик бюроси билан тузилган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш шартномаси асосида фаолият юритувчи адвокат А.Мадьяров Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида адвокат сифатида иштирок этишини таъминлашга оид чоралар кўриш тўғрисида илтимоснома билан фақатгина 18.07.2018 йилда мурожаат қилган.

Тергов органлари зудлик билан бу ҳақида Р.Қодировни хабардор қилиш чораларини кўрган, Р.Қодиров А.Мадьяров ҳузурида ўз ташаббусига кўра унинг хизматларидан воз кечиб, унга нисбатан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий босим ўтказилмаётганлиги, у ихтиёрий равишда кўрсатмалар бераётгани ҳақида маълум қилган. Шунингдек, Р.Қодиров айни пайтда унинг ҳуқуқларини бошқа адвокат ҳимоя қилаётгани ва қўшимча адвокат жалб қилинишига эҳтиёжи йўқлигини билдирган.

Бундан ташқари, учрашувда А.Мадьяровнинг талабига биноан Р. Қодиров унга ўз танасини кўрсатган, шундан сўнг А.Мадьяров тан жароҳатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилган. Шу билан бирга, Р.Қодиров А.Мадьяровдан ўғли А.Қодиров билан боғланишни ва етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги илтимосини ўғлига етказишини сўраган.

Тергов давомида Р.Қодиров ўз айбини фақат қисман тан олган, бу эса унга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва унинг бундай мазмундаги кўрсатмаларини олишда унга нисбатан қандайдир босим ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир.

Бундан ташқари, 17.01.2019 йилги суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг саволига Р.Қодиров тергов давомида ўз кўрсатмаларини ихтиёрий равишда берганлигини маълум қилди ва бу суд мажлиси баённомасида қайд этилди.

Бугунги кунда Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бош прокуратура жиноят ишларига жалб этилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилишини кафолатлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг