«Қодиров иши» фигурантлари: улар ким ва қандай лавозимларни эгаллаган эди?
Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга нисбатан чиқарилган ҳукм ахборотидан улар содир этган жиноятлар хусусида муайян тасаввурга ҳосил қилиш мумкин.
Судланганларнинг деярли ҳаммаси «... ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг «а» банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг «а» банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби» оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.
Улар кимлар ва қандай мансабларни эгаллаган эди?
Рашид Қодиров 15 йил Бош прокурорлик курсисини ҳеч кимга бермагани маълум. Ундан аввал Бош прокурор ўринбосари, МХХ Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Судланганлар орасида энг узоқ муддатга (19 йил!) «кесилган» Улуғбек Суннатов Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, Қашқадарё вилоят прокурори, Бош прокурор ўринбосари вазифаларини бажарган. Тошкент вилояти прокурори этиб тайинланганидан кўп ўтмай, лавозимидан озод этилиб, сўнг ҳибсга олинган.
Ўн уч йилга озодликдан маҳрум этилган Жамшид Файзиев ҳам ўз вақтида Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи бўлган. Шунингдек, Фарғона вилояти прокурори, Бош прокурор ўринбосари, ҳатто қисқа муддат Президент Давлат маслаҳатчиси лавозимда ҳам ишлаган. Охирги иш жойи Тошкент вилояти прокурорилиги эди.
Собиқ бош прокурорнинг яқинларидан бўлган Улуғбек Хуррамовнинг (14 йилга «кесилган») тизимдаги асосий фаолияти Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасида кечган: терговчи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи...
Ўн уч йил «олиб кетган» Лазиз Мусашайхов ҳам тизимнинг «энг ёғли» жойида ишлагани айтилади: у Тошкент шаҳар прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлимига раҳбарлик қилган.
Ўн беш йил озодликдан маҳрум қилинган Абдурашид Мирзаев прокуратура тизимида ишламаган, у МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи эди. Унинг «прокурорларнинг жиноий гуруҳи»да туриши отасига боғлиқ. Унинг отаси Мирағлам Мирзаев узоқ йиллар Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган. У расман «биринчи ўринбосар» бўлса-да, «мақоми»га кўра собиқ Бош прокурордан кейинги ўринда тургани айтилади. «Антибиотик» лақаби билан машҳур бўлган М.Мирзаев ва унинг рафиқаси, «Юнусобод адвокатлар коллегияси»си собиқ раҳбари Муҳаббат Мирзаева судланувчилар қаторида тилга олинса-да, уларга қандай жазо берилгани Олий суд ахборотида очиқланмаган.
Шунингдек, судланувчилар қаторида Рамазон Пўлатовнинг номи ҳам учрайди. Р.Пўлатов собиқ Бош прокурор иқтидорда эканидаёқ тизимдан кетиб, тадбиркорлик билан шуғулланиши асносида халқаро Кураш ассосиацияси вице-президенти сифатида фаолият кўрсатаётган эди. Тизимда ишлаган пайтда шаҳар прокурори, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят прокурори, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи лавозимларини эгаллаган. Тизимдаги охирги иш жойи Жиззах вилоят прокурори ўринбосарлиги эди.
Рамазон Пўлатов, Мансур Мирзаев (МХХ Тошкент вилоят бошқармаси бўлинмаси собиқ бошлиғи Мирағлам Мирзаевнинг жияни), Юсуф Гойипов (Бош прокуратура бош бошқармаси собиқ бошлиғи) ва Муҳаббат Мирзаеваларга нисбатан қандай жазо тайинлагани ҳам Олий суд ахборотномасида очиқланмаган. Шунингдек, жиноий гуруҳ томонидан давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарарлар миқдори ҳақида ҳам аниқ рақамлар йўқ.
Аввал берилган хабарларда «Қодиров иши» доирасида 24 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилгани айтилганди. Уларнинг ўн уч нафарига нисбатан, мана, ҳукм чиқди.
Қолганлар-чи?
Бу ҳақда яқин келажакда хабардор бўлсак, ажабмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter