Боқимандалик балоси
— Қўшнимизникидан қолишмасин, деб машинамни янгиладим, — мақтаниб қолди бир танишим. — Кўчамиздаги энг зўри меники бўлди. Лекин шу катта йўлдан уйгача кириб боргунча янги машина лойга ботиб қоляпти-да. Бўлмаса, 9 ойдан бери ёзамиз, портал ҳам қолмади, халқ қабулхонаси ҳам қолмади. Фойдаси йўқ, таъмирламайди. Йўл қурилиши учун ажратилаётган шу-унча пул қаерга кетяпти, ҳайронман?!
— Ўзи беш юз метрча йўл бўлса, ўзларинг таъмирлаб қўя қолсаларинг бўлмайдими?
— Нега биз қиларканмиз? Давлат қибериши керак-ку. Аслида, йиллик режагаям киритилган. Ундан кейин, йўлнинг харажатиям катта-да. Ҳеч кимнинг ортиқча чиқим қилгиси келмайди...
Унга ортиқча гапириш фойдасизлигини тушуниб жим бўлдим. Аммо одамларимиз нега бунчалик боқимандаликка ўрганиб қолганини ўйлаб дилим хира тортди. Ахир, шу кўчадаги деярли ҳамма хонадоннинг машинаси бор, ҳар куни чанг, лойга ботиб уйга киради. Машинасини бир йиллик ювишига кетадиган пулларини йиғиб, ўртага ташласа ҳам лойкўча камида тошкўчага айланади-ку. Нега шу ишни қилмайди, фақат давлатдан нажот кутади? Чунки, боқимандалик қон-қонига сингиб кетган.
Камбағаллик уятмасми?
Ёдимда, мактабнинг бошланғич синфида ўқиган пайтимизда давлат томонидан кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечак бериларди (бундай кийимлар ҳозир ҳам берилади). Аммо у кийимларни кийиш биз учун жуда уятли туюларди. Ота-онамиз ҳам қарзга олса олардики, кам таъминланганлар учун кийимларни олмасликка ҳаракат қиларди. Ўзининг ночорлигини ҳаммага ошкор қилишдан тортинарди. Фарзандим ўксимасин, тенгқурларининг олдида боши эгилмасин, дерди.
Ҳозирчи? Баъзи фуқароларимиз кам таъминланганини рўкач қилиб маҳаллага чиқиб, тинмай шикоят ёзишдан андиша қилмай қўйган. «Менинг беш фарзандим бор, уйим жуда тор. Кам таъминланганлар сафига қўшмасанг, Президентгача ёзаман», деб маҳалла раисига ўдағайлайдиганлар кўпайгандан-кўпайган. Аммо яхшилаб суриштирсангиз, уларнинг ўз номида бўлмаган уй, машина, ҳатто, савдо дўконлари борлигини кўрасиз. Ҳақиқий муҳтожлар эса ожизлигидан уялиб, маҳалла идорасига келишга ҳам тортинади. Мардикорлик қилиб бўлса-да, кунини кўриб юраверади. Аслида, бугунги тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёз ва шароитлар олдида ҳеч бир ишга қўл урмасдан «Кам таъминланганман, мени давлат боқиши керак», деб бош эгиб туришнинг ўзи уят эмасми? Йўқ, моддий манфаат бор жойда андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, «ҳақи»мизни талаб қилиб тураверамиз. Чунки боқимандалик кайфияти вужудимизга ўрнашиб қолган.
Солиқ тўламаган биз-у, ойлик бермаган давлат айбдор
Дарҳақиқат, бугун давлат идоралари халққа қанчалик яқинлашгани сайин, халқнинг давлат идораларидан норозилиги ортиб бораётгандек, назаримда. Халқ қабулхоналарига уй сўраб, жой сўраб қилинаётган мурожаатларнинг ҳам аксарияти ҳақиқий муҳтожлар эмас, асосан, боқимандалик касалига чалинганлар томонидан ёзилмоқда. Шунингдек, ўта шахсий, кичик муаммоларни, арзимас икир-чикирлар ҳам давлат раҳбарининг виртуал қабулхонасига йўлланаётгани одамни ўйлантиради. Бунга мисол келтиришнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман.
Гоҳида ойлик маошимиз ёки пенсиямиз бир неча кунга кечикса, дод-фарёд қилиб, бухгалтерияни бошимизга кўтарамиз. Ҳаммасига яна давлатни айбдор қиламиз. Бироқ ўзимизнинг йиллаб коммунал тўловларни, солиқларни тўламай юрганимиз хаёлимизга ҳам келмайди. Ахир, солиқ ва мажбурий тўловларсиз давлат бюджети ғариб бўлиб қолиши беш қўлдай аён-ку.
Товуқлар ўлди, лимонлар қуриб қолди...
Ўтган йилдан бошлаб банк ходимлари маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳолининг ҳақиқий аҳволини ўрганиб, уларга тадбиркорлик учун бизнес лойиҳалар тақдим этди. Кредит олишда ёрдам қилди. Аммо мажбурий бошланган тадбиркорликнинг аксарияти узоққа бормади. Қишлоқ жойларда «мажбурий» тарқатилган лимон кўчатларининг аксариятини қишда совуқ уриб кетди, товуқлар касалланиб, нобуд бўлди. Баъзиларнинг кредит эвазига қурган иссиқхоналари ҳам бир йилга бормай бўшаб қолди. Нима учун? Чунки бизнинг ҳалиям кўзимиз очилгани йўқ. Ўзимиздан ҳаракат ва иштиёқ бўлмас экан, боқимандалик кайфиятидан қутулмас эканмиз, ривожланиш ҳам бўлмайди. Товуқ берган одамдан донини ҳам сўраб турсак, лимон кўчати сотгандан иссиқхона қуриб беришини талаб қилсак, даромадимизни ҳам биратўла топшириб қўяверсак бўлмайдими?
Ҳа, биз ҳаммасига масъул раҳбарларни айблашга ўрганиб қоляпмиз. Барча муаммоларимизни «тепадагилар» қилиб бериши керакдек, гўё. Бу ҳам боқимандаликнинг бир белгиси, аслида.
Бекзод ИБРАГИМОВ.
Мақола «Жамият» газетасининг 25 май сонида чоп этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter