Болангиз китоб сўраяптими?
«Ойижон, китоб дўконига ажойиб янги китоблар келган экан. Эртага мустақиллик байрами. Дарслар бошлангунга қадар, байрам баҳонасида ўқитувчимга китоб совға қилмоқчийдим, ўзимда бироз етмаяпти, пул беринг»,— Малика хурсанд бўлиб бозордан тўлиб-тошиб келган ойисига пешвоз чиқди.
«Ним-ма, пул?! Яна етмаганига «ўқитувчимга совға қилмоқчийдим»миш,—кўзлари олайди Дилбар опанинг,— бекорларни бештасини айтибсан. Битта китобнинг пулига фалонта нарса оламан, уқдингми?! Мактаб директорининг олдига бориб, порахўр ўқитувчиларингни пўстагини қоқиб келмасам, отимни бошқа қўяман»,-олди-верига қарамай, жағи тинмай жовраётган ойисининг жаҳлидан Маликанинг кўнгли чўкди.
«Устозимни порахўр, деб ҳақоратламанг, ойи! Бу устозимга китоб-ку китоб, тилла совға қилсам арзийди»,—кўзлари ёшланди қизнинг.
«Вой-вой-вой, тилла, ти-ил-ла, дедингми, ҳозир сеними, ўша тилла, деган тилларингни суғуриб оламан»,—Дилбар опа шанғиллаб, эрини чақирди.
Воқеадан хабар топган ота ҳам қизини койиди. Малика беҳол ўтириб қолди.
«Мени кечиринглар,—секин шивирлади у,—оёқларингиз остида қўша-қўша машиналар, бир дастурхон ёзганда, ҳар биримиз қарийб бирмас, ўнта китоб пулидан ортиқ овқатланамиз, ўқитувчимга биттагина китоб совға қилсам, нима бўпти?! Данғиллама бу ҳовлида ҳар кун базм, зиёфатни канда қилмайсиз, ошною-дугоналарингиз бошидан пулларни ёмғирдек сочасиз. Кийимларнинг энг замонавийларини кийиб-кийдирасиз, раҳмат, аммо, устозимга биттагина китоб совға қилсам, нима бўпти?!»- Малика шу сўзларни такрор-такрор сўзлади.
Унинг гапларини эшитиб, донг қотиб қолган ота-онасининг «ҳай-ҳай»лашига қарамай, Малика сумкасини олди-да, дарвозадан чиқиб кетди.
Айрим оилалардаги бундай нохушликлар илм истаб, зиёга талпинаётган фарзандларни шу оилада ёлғизланиб, одамови бўлиб қолишига туртки бўлади. Ва ота-она тарбия жараёнида фарзандлари қалбига қандай уруғ эккан бўлса, кейинчалик шундай аччиқ-чучук меваларни ўзлари теришади.
«Ота-она, фарзандлар ўртасидаги ишонч, ҳурматга асосланган муносабатлар — оила мустаҳкамлигининг кўринишларидан биридир. Агар оилада ота-онанинг бойликка ҳирс-ҳаваси баланду, фарзандларнинг одамийлик ва инсонийликка иштиёқи сезиларли бўлса, унутмаслик керакки, бу ерда мактаб, маҳалла тарбиясининг таъсири кучлироқ. Фарзандлардаги бу хислатларни асраш ва ўз ўрнида унинг ота-онасидаги маънавий қашшоқлик, маърифатсизликни маданият билан йўқотишга эришиш зарур. Бунинг учун мусулмончилик заминидаги қадриятларга, яъни яхши сўз, яхши амал, яхши хулқ ва яхши маърифат каби муқаддас тамойилларга суяниш керак»,-дейди Бухоро шаҳар бош имом хатиби Отабек Авезов.
Нисбатан олиб қаралганда, оилавий муаммолар юзасидан келиб чиқадиган келишмовчиликлар аксарият ҳолларда ота-оналарнинг ўз болалари билан, деярли, фикрлашмай, уларнинг номидан ўзлари қарор чиқаришларида кузатилади. Катталарнинг айби билан содир бўладиган низолар аста-секин болада салбий хулқнинг шаклланиб боришига сабаб бўлади.
Ишдан қайтаётиб, беихтиёр икки аёлнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим. Уларнинг ўзи ёхуд яқин кишилари дурустгина даромадли жойда ишлаши шундоққина кўриниб турибди. Бўйни ва бармоқларида қўша-қўша тиллалар, эгнида қимматбаҳо либос...
«Дугонажон, мактаб бошланяпти, ўғлим ўқийдиган мактабга бир бориб келмасам бўлмайди?»
«Тинчликми?»
“Шу синф раҳбари жонимга тегди. Ҳали мактаб бошланмай туриб, агар уйларингда ўқилган китобларингиз бўлса ҳам майли, олиб келинглар, янги ўқув йилида синфимизда кутубхона очамиз, дебди»
«Ҳар қалай, кўп китоб сўрамаган-ку. Биттагина бўлса, бериб юборинг эди, ахир, қимматбаҳо нарса сўрамаган!»
«Қизиқсиз-а, сиз айтаётган ўша қимматбаҳо нарса топиладику-я, тилла болдоқми, янги матоларданми, шу ўлгур уйда бадиий китобнинг ўзи йўқ-да!»
«Ним-ма-а?»
«Ҳа, намунча ҳайрон қолмасангиз, худди ўзингизда бир дунё китоб бордек...»
Икки аёл жим қолишди.
Уларнинг суҳбатидан сўнг ўйланиб қолдим. Уйида ақалли битта китоб бўлмаган бой хотин ўғлининг ўқитувчисига нима, деб жовраркин?! Гап-сўзига қараганда, унинг ўғлига битта ҳам китоб сотиб олиб бермаслиги аниқ.
Сиз-чи, болангизга китоб сотиб олиб берганингизга эслай оласизми? Тўғри, китобларнинг нархи унча қиммат эмас, лекин уни сотиб олишда ўйланиб турадиганлар қанча...
Катта-катта зиёфатлару, зар-зеварлар учун пул топамиз. Нега китобга келганда, пул қолмайди? Фарзанднинг камоли эса ҳар қандай бойликдан афзал эканини унутмаслик керак.
Биргина юқорида келтирилган мисол — қизнинг ўқитувчисига нисбатан ўз меҳр-муҳаббат туйғусини байрам арафасида китоб совғаси билан ифода этиш истагининг ота-онаси томонидан руҳий зарба билан қаршиланиши унинг асабий, қўрс ва жаҳлдор бўлиб қолишини таъминлайди, холос.
Тўғри, айрим ота-оналар ўқувчининг ўқитувчига совға беришини мактаб тарбиясидаги камчиликлар сирасига киритар, аммо, миллий менталитетимиз хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳарфларни ҳижжалаб ўргатган жафокаш устозларнинг меҳнатию-заҳматини шарафлаб биргина китоб ёки гул тақдим этиш — мукаррам саналади.
Узуккун тирикчилик ортидан қувадиган, ҳар бир нарсани мол, давлат билан ўлчайдиган ота-онасидан муомала кўрмаган фарзанд нопок йўлларга кетмай, эътиборга ташна қалбини устозининг меҳр булоғидан қондирса, яхшиликка!
Шундай ота-оналар борки, фарзандининг ўқиши, тарбияси, тартиби билан умуман қизиқишмайди. Бозорга, тўйга, зиёфатга, ҳатто, санаторияга вақт топилади, аммо, мактабга бирров кириб, ўқитувчисидан ҳол сўраб, ўз фарзандининг қандай ўқиши натижалари билан шуғулланишга вақт ажратишмайди. Ахир ўқитувчи ҳам темирдан эмас, оладиган маоши эвазига эртадан кечгача тик оёқда ҳар кунини мактабда ўтказади.
Фарзандлар учун, уларнинг келажаги учун ғамхўрлик қилади. Демак, унга маънавий мададкор бўлиш, биргина раҳмат изҳор этиш ўқитувчининг ўз ишига сидқидилдан ёндошишига янада туртки бўлади.
Бугун олиб берилган биргина китоб эртага фарзандингизнинг ўқимишли, келажаги ёруғ бўлишини таъминлайди. Болангиз сиздан китоб сўраяптими, унда хурсанд бўлинг. Демак, болангиз маърифатга интилаяпти. Бу сизнинг бахтингиз!
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter