Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

128 кунда жавоб келган мурожаат: ким айбдор?

128 кунда жавоб келган мурожаат: ким айбдор?

Фото:«Sensorika»

Навоий шаҳрида фаолият олиб борадиган “Ишонч Гилам” масъулияти чекланган жамияти тадбиркорлари томонидан ДХАнинг Навоий вилояти бошқармасига шикоят хати тушди.

Маълум бўлишича, мутасаддилар  корхонанинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ечиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматини олиш учун Навоий шаҳар ДХМга мурожаат қилган. Марказ мутахасислари мурожаатни электрон тизим орқали МИБ Навоий шаҳар бўлимига юборган. Мазкур мурожаат бўлим томонидан шу куннинг ўзида Навоий шаҳар Электр таъминоти корхонасига етказилган. Аммо, негадир мурожаатга 128 иш кунида жавоб қайтарилган.

Худди шу ҳолатда мурожаатчи кимдан норози бўлиши мумкин? Албатта, мурожаат ташлаган ташкилотидан, яъни Давлат хизматлари марказидан. Мазкур ҳуқуқбузарликни Навоий шаҳар Электр таъминоти корхонаси масъул ходими содир этган.Таъминотчи корхона ходими айнан шу хизмат тури бўйича ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш, ўрнатишни 9 иш кунида амалга ошириши лозим эди. Бироқ, Навоий шаҳар электр таъминоти корхонаси ходими Таваккал Қодиралиев (исми ўзгартирилган) учун 4 ой муддат нега керак бўлган бу ҳеч кимга маълум эмас.

Худди шу ходим туфайли Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Навоий Омад Савдо” МЧЖ ҳам азият чекди. Жамият раҳбари Бозор Мавлоновнинг шикоят хати изидан бошқарма ходимлари текширув ўтказдилар. Бу галги ҳуқуқбузарлик бироз антиқароқ. Тўғрироғи, электрон тизим орқали электр энергияси ҳисоблагичлари “ечилган” деб ташланган хабар жойида бориб текширилганида ҳисоблагич ечилмаганлиги аниқланди. Инсон омили аралашган  жойда электрон тизим ҳам бекор экан, деб уйлаб қоласан киши. Аммо, ваколатли  идора вакиллари Давлат хизматлари тизимини алдагани билан фуқароларни аврай олмайдилар. Чунки, иши битмаган мурожаатчи барибир яна Давлат хизматлари марказига келади.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган хужжатлар ҳамда ҳуқуқбузарнинг Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи номига берган тушунтириш хатида ҳам ўз тасдиғини топди. Юқоридаги ҳолатларда Таваккал Қодиралиев юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиб, бу билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-5-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини содир этган. Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгар ходимга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Адҳам Ярқулов,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг