Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Балиқ эмас қармоқ — Пайариқдаги бир оила тақдири

Балиқ эмас қармоқ — Пайариқдаги бир оила тақдири

«Камбағалларга балиқ эмас, қармоқ беришни режа қилганмиз. Шунинг учун асосий эътиборни қир-адирликлардаги ерларни янги технология асосида ўзлаштиришга қаратганмиз», — деди биз билан бўлган суҳбатда Пайариқ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Ҳамроқулов. Туманга сафаримиз мана шу лойиҳани ўрганишдан бошланди.

Пайариқда 600 гектар ерга сув чиқарилиб, томчилаб суғориш технологияси асосида деҳқончилик ва боғдорчилик ишлари бошлаб юборилган. Яна 1200 гектар ерда ўзлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Буларнинг барчаси бир мақсадга қаратилган — аҳолининг турмуш даражасини ошириш, камбағал оилаларни «темир дафтар»дан чиқариш ва ижтимоий фаол қатламга айлантириш.

***

Раъно опа ўтган йили турмуш ўртоғидан ажраб қолди. Хўжайинини узоқ вақт бели оғриб юрди, кейин оёқдан қолди. Шу билан тўшакдан турмай, ўтди-кетди. Ортидан 5 фарзанди қолди.

«Деҳқонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган Раъно Эшмуҳаммедова оиласининг яшаш шароитини жуда яхши, деб бўлмайди. Марҳум хўжайинининг соғлиги кўтармади, уй-жойини ростлаб қўя олмади. Уй билан бирга муаммолар ҳам Раъно опага «мерос» қолган. Маҳалла газ тармоғидан узилган, пропан газ балони эса ҳар доим ҳам етмайди. Опанинг асосий шикоятларидан бири шу.

— Беш кишилик оилага ҳар ой 12,7 килограмм пропан гази етказиб берилиши лозим. Газ баллонига 20 килограмм кетади, шу сабабли 40-45 кунда бир марта олиб борамиз. Тежаб ишлатилса битта рўзғорга етиши керак. Масалан, менинг хонадонимга бемалол етиб турибди, — дейди Пайариқ туман газ бўлими бош муҳандиси Исомиддин Қодиров.

Худди шу фикрни «Деҳқонобод» МФЙ раиси Жасур Камолов ҳам тасдиқлади. Айтишича, унинг хонадонида ҳам битта газ балонини икки ойлаб ишлатишади. Аммо нимагадир бошқа хўжаликларда газ етишмовчилиги бор. Шикоятлардан эшитсак:

— Бир йилдан бери пропан газ балони ишлатаман, ҳали бирор марта у ойдан бунисига етгани йўқ. Ҳар сафар етмай қолганда хусусий газ қуйиш шаҳобчаларига бориб, тўлдириб келамиз, — дея эътироз билдиради яна ўша маҳалла фуқароси Фурқат Тўраев.

Унинг сўзларини бошқа қўшнилар ҳам тасдиқлади. Газ етишмайди, тамом-вассалом. Олдинда эса куз-қиш мавсуми оёқлаб турибди. У ёғини сўрасангиз, яна бошқа муаммо ҳам бор.

— Туманимизда газ балонлари етишмовчилиги мавжуд. Бу ҳақда вилоят газ бошқармасига мурожаат қилганмиз. Жорий йил учун 2400 та газ балони бўлса, қишдан чиқиб оламиз, — дейди бош муҳандис Исомиддин Қодиров.

***

Аммо бу Пайариқдаги муаммоларнинг ҳаммаси эмас. Тўртта ёмғир томчилаб қолса, электр энергиясида ҳам узилишлар бошланади. Бунга сабаб эса — 70 километр жойда симёғочлар эскириб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Янгилашга эса у қадар шошилишмаяпти.

— Тумандаги 28 та трансформаторни янгилаш керак. Бу бўйича ишлар яхши кетмоқда, 14 та трансформаторни алмаштирганмиз. Таъмирлаш ишлари ҳам кетяпти. Симёғочларга келсак, бизга нима беришса, ўрнатяпмиз. Ҳаммаси вилоятга боғлиқ, улар етказиб берса, биз ҳам ишлайверамиз, — дейди Пайариқ туман электр таъминоти бош муҳандиси Абдуқаҳҳор Шакаров.

***

Раъно Эшмуҳаммедова ва унинг 5 фарзандининг тақдири қандай бўлади? Унга қандай ёрдам кўрсатилади? Бу саволларга ҳоким ўринбосари Ўткир Ҳамроқулов жавоб берди. Унинг кайфияти анча яхши.



«Икки-уч йилда Раъно опани бойлар қаторига қўшамиз. «Темир дафтар»дан чиқиш тугул, ўзи дафтардагиларга ёрдам берадиган бўлади», — дейди у. Бу қадар кўтаринкиликка сабаб нима?

Мутасадди ҳаммасини осон тушунтирди. Айтишича, адирликдаги сув чиқарилган жойдан Раъно опага 50 сотих ер ажратилган. Яна ҳовлисида бир сотихли иссиқхона қурилмоқда. Адирликдаги ерга ток ўтқазилиб, орасига бодринг экилган. Ток икки йилда ҳосилга киради, ҳозир бодринг ҳосили йиғиб олинмоқда. Иссиқхонани қандай юритишни эса Андижондан келган малакали мутахассислар ўргатишади. Нафақат Раъно Эшмуҳаммедовага, балки бошқаларга ҳам.



— Бу ишларнинг барчаси бошланиши ҳолос. Бекорга «балиқ бермаймиз, тутишни ўргатамиз», демадим. Биз нафақат экин экишни, балки уни сотишни ҳам ўргатмоқчимиз. Махсус фирмамиз деҳқонларга бодринг уруғини етказиб бериб, яна ўзи тайёр маҳсулотни сотиб олмоқда. Мабодо бозорда бодринг нархи ошиб кетса, деҳқонларимиз бемалол бозорга чиқаришлари мумкин. Раъно опа ҳам етиштирган маҳсулотини сотяпти. Икки йилда ер учун қилинган ҳаражат тўлиқ қопланиб, даромадга айланади, — дейди Ўткир Ҳамроқулов.

Бундай гапларни эшитганинг сари эшитгинг келади. Энг муҳими — мана шу ваъдалар амалга ошмагунча Раъно Эшмуҳаммедова «Темир дафтар»дан чиқарилмайди. Оилага карантин вақтида беш марта озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бир марта 1 миллион сўмлик ёрдам пули кўрсатилди. Яқинда яна давлат томонидан беш нафар фарзандга 500 минг сўмдан, жами 2 500 000 сўм берилиши кутилмоқда.

Бу пул болаларга аталган — мактабга кийим-кечак, дафтар-қалам дегандек. Президент Шавкат Мирзиёев мактаблар очилиши ҳақида гапираркан, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш ходимларига қарата: «Сизнинг қўлингизга асосий бойлигимиз — болаларни топширмоқдамиз», — деди. Раъно опа хонадонида мана шундай бойликдан 4 нафари бор.

Улардан нафақат опанинг, балки давлатнинг ҳам умиди катта. Болаларимиз омон бўлсин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг