«Майли, сув ҳам, газ ҳам керакмас. Фақат шу йўлдан бир юринг, ҳоким бово…»
Накурт жуда катта қишлоқ. Қишлоқ аҳлининг йўл билан боғлиқ муаммосини ҳал қиладиган масъуллардан ҳамон дарак йўқ. Қачонки Пайариқ туманида ҳоким алмашса накуртликларнинг сўниб бораётган умиди ҳам қайта жонланади: «Балки, янги келган ҳоким йўлимизга эътибор қаратиб қолар…». Йўқ, янгиси ҳам эскисининг «метод»ларини қўллайди: «Келаси йил қиламиз, «Обод қишлоқ» дастурига киритамиз.
Хуллас, қуруқ ваъдалардан толган накуртликлар сўнгги умидини матбуот билан боғлади. Уларнинг айтишича, йўл муаммоси матбуотда ёритилса, энг юқоридаги раҳбарлар ҳам бундан воқиф бўлиб, масъулларнинг танобини тортади. Ва узоқ кутилган қишлоқ йўли асфальт қилинади.
Начора, биз ҳам уларнинг сўнгги умидини сўндиргимиз келмади. Балки, улар айтгандай матбуот сабаб йўли асфальт бўлиб қолар, балки кун сайин ўзи ҳам «чўкиб» бораётган матбуот халқнинг битта муаммосига елка тутганидан, ўзининг ҳали ҳам жамиятда ўрни борлигини ҳис қилар. Буёғини вақт кўрсатади. Қишлоқ аҳли ўша вақтни кутмоқда. Биз эса, ҳозир «Накурт» йўлига сафар қиламиз.
«Интизор» бекатидаги интизорлар
Пайариқ тумани марказидан «Накурт» қишлоғига йўлга чиқсангиз, то «Тўсинсой»дан Накуртга қайрилишгача текис ва равон йўлдан борасиз. Муйилишда эса, сизни «Интизор» бекати қарши олади. Аслида «Интизор» бекатмас, у ерда узоқ йиллардан буён уйсифат дўкон гоҳ ишлаб, гоҳ ишламай туради. Қишлоққа келувчилар шу бинонинг ён-атрофида совуқдан, иссиқдан, қор-ёмғирдан паналайди. Сабаби, қишлоққа томон юрувчи техникалар ҳадеганда келавермайди, соатлаб кутилади. Шу сабаб қишлоқликлар у жойга норасмий бўлса-да, «Интизор» номини беришган. Ҳозир бу ном анча машҳур, сабаби, «Интизор» бекатида узоқ вақт улов кутган киши борки, уни ҳеч қачон унутмайди.
Биз ҳам гарчи уловда бўлсак-да, «Интизор»да тўхтадик. Бекатда беш-олти киши интизор бўлиб машина кутиб ўтирган экан. Йўлнинг нариги тарафида эса, «Накурт» қишлоғига бириктирилган «Тез ёрдам» машинасининг баллони ёрилиб, уни тузатаётган экан. Қуёш тиғида машина ғилдирагини ечаётган ҳайдовчига савол билан юзландим:
— Нима бўлди?
— Э-э, кўрмайсизми ука? Йўлнинг аҳволини қаранг, дея асфальти парчаланиб, йўқ бўлиб кетган, машиналар тугул одам ҳам зўрға юрадиган йўлга қарайди. Доим шу аҳвол. Йўлнинг дастидан чақирилган жойга вақтида етиб боролмаймиз. Хавотир, ҳадик билан хизмат вазифамизни бажарамиз, гоҳида кечикканимиз учун ҳақорат ҳам эшитамиз. Тасаввур қилинг! Бемор оғир аҳволда бўлса, уни зудлик билан марказга олиб боришимизга тўғри келади. Бу йўлда беморни олиб тез юраман десангиз, Худо сақласину ўзимиз унинг ҳаётига зомин бўлишимиз мумкин.
Ҳа, «Тез ёрдам» ҳайдовчисининг гапида жон бор. Бу ғариб йўлда тез юришнинг имкони йўқ.
Ҳокимдан норози, давлат хизматларидан рози халқ
Соат тахминан ўн бирларда қишлоқдаги 37-мактабга етиб бордик. Кўпчилик шу ерда экан. Уларнинг кўзларида ҳозир туман ҳокими ўзининг бутун аъёнлари билан келади-ю, қишлоқ йўлини асфальт қилиш ишлари бошланиб кетадигандек, илинж умидлари порлаб турибди. Афсуски, ҳоким бово «арзимаган муаммо» учун ҳам довон ошиб бу йўллардан юриб келармиди? Яхшиям, Пайариқ туман давлат хизматлари маркази ходимлари ўша жойда экан. Ҳоким, сектор раҳбари, яна айрим масъуллар жавоб берадиган саволларга ҳам улар имкон қадар жавоб беришди.
Халққа қайишганни халқ ҳурмат қилади. Накуртликлар ҳам туман давлат хизматлари маркази ходимларининг беминнат хизматидан мамнун бўлиб, уларнинг ишларига омадлар тилаб, дуо қилишди.
Биз қишлоқ фаоллари билан гурунгни йўлда давом эттирдик. Бизга ҳамроҳлик қилганлар гоҳ энтикиб, гоҳ алам билан мени эшитинг, менинг гапларимни ёзинг, дея қишлоқ йўлининг абгор ҳолини ҳикоя қилади. Қуйида айримларининг фикрларини келтириб ўтамиз.
Овқат ўчоқда ҳам пишаверади
Олтибой хожи Деҳқонов:
— Биласизми, бизга нима алам қилади? Ўндан ортиқ қишлоқлар бирлашиб, катта «Накурт» қишлоғини ташкил қилади. Биз ана шу қишлоқ йўлларининг ҳар бирини асфальт қилиб беришини сўрамаяпмиз, бор-йўғи шу ердаги, барча қишлоқларнинг умумий фойдаланувидаги битта асосий йўл таъмирлаб берилишини сўраяпмиз, холос! Шу муаммомизни ҳал қилиш ҳам чўзилгандан-чўзилаяпти.
Туман ҳокимига ёзма мурожаат ҳам қилдик, оғзаки айтишнинг-ку, ками қолмади. Мурожаатларимиз, илтимосларимиз ҳавода қолди. Биз қишлоқ ҳудудига ҳам газ қувури тортишсин, тоза ичимлик суви келтирилсин, демапямиз-ку! Буларни айтмаймиз ҳам. Чунки қишлоқ аёлллари ўчоққа ўт ёқиб, сувни булоқдан, қудуқдан челаклаб ташишга ўрганган. Бундан нолимайди ҳам. Шундай экан, улар ҳам гоҳ-гоҳида сандиқда асраб юрган кўйлакларини кийиб, уёқ-буёққа бориш учун йўлга чиққанда юрган йўли-ю, ўтирган машинасида чангсиз, ғуборсиз, бу ҳаётдан завқланиб юришга ҳаққи бор-ку!
Яшириб нима қилдим, Юртбошимизнинг вилоятларга ташрифи чоғида кутилмаганда, белгиланмаган маҳалла-ю, қишлоқларга бораётганлигини кўриб, ҳар гал Самарқандга келганда бизнинг қишлоққа ҳам келиб қолармиканлар, деб умид қиламиз. Чунки кўраяпмиз, ўқияпмиз Президент борган жойлар кам бўлмаяпти. Қишлоғу маҳаллалардан тортиб, йўлигача обод бўлаяпти. Қисқаси, кутиб ўрганган халқ кутавераркан-да, биз ҳам неча йилдирки йўлимиз асфальт бўлишини кутаяпмиз.
Тегирмон ҳам навбати билан, лекин қани ўша тегирмон?
Эшибек Муҳаммадиев, нафақадаги ўқитувчи:
— Қишлоқ аҳли даромадни асосан деҳқончиликдан, чорвачиликдан қилади. Лекин йўлимиз абгорлигидан айрим маҳсулотларимизни ўз вақтида сотолмай, нобуд қиламиз. Сотганимизни ҳам арзон-гаровга берамиз. Чунки йўлимиз туфайли маҳсулот олувчилар бу ерга келмайди. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, гоҳида тобимиз бўлмай қолиб, «Тез ёрдам»ни чақирсак, уни соатлаб кутамиз. Нега вақтида келмадинг, десак йўлни рўкач қилади.
Тегирмон навбати билан деган гап бор. Шунча йўллар обод қилинаяпти, янгилари барпо этилаяпти, аммо неча йилдирки бизнинг йўлимизга навбат келмайди. Биз туман ҳокимидан кўп нарса сўрамаяпмиз, бор-йўғи йўлимизни яхшилаб берса, бўлди.
Йўлда туғилган «Йўлчивой»
Қишлоқ фаоллари йўл билан боғлиқ хотираларини ўртоқлашар экан, бир киши айтган ҳолат бутун вужудимни жунбушга келтирди. У кишининг айтишича, 2019 йилда ҳомиладор келинининг тоби қочиб, туғуруқхонага олиб боришга тўғри келади. Қишлоқ йўли эса, машинани тез ҳайдашга имкон бермайди. Натижада, келиннинг кўзи йўлда ёрийди.
Тўғри, олдинлари бундай ҳолатга табиий қаралган. Шунинг учун ҳам кўплаб чақалоқлар тоғларда, яйловларда, йўлларда туғилган. Лекин у даврлар узоқ тарих-ку. Ахир, биз бугун 21 асрда яшаяпмиз.
Президентимиз шу йилнинг 17 мартида Самарқанд вилоятига қилган ташрифи чоғида айнан Пайариқ туманидаги муаммоларни тилга олиб, шундай деган эди:
«Катта йўл ёритиб қўйилади, орқадаги, ички кўчалар эса қоронғу бўлиб ётади. Одамларга тенг шароит яратиш керак.
Туманда 145 километр йўллар, 1 минг километр электр тармоғи, 250 та трансформатор ва 54 километр ичимлик суви тизими яроқсиз, 26 та мактаб, 17 та боғча, 4 та қишлоқ оилавий шифокорлик пункти таъмирталаб.
Ишсизлар сони 9 мингдан ортиқ. «Темир дафтар»га мингта оила, «Ёшлар дафтари»га 6 минг нафар, «Аёллар дафтари»га эса 2 минг 200 нафар аҳоли киритилган.
Пайариқ туманининг 56 та қишлоғида узоқ йиллар йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш учун 83 миллиард сўм маблағ йўналтирилади».
Адашмасам, узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар деганда «Накурт»нинг йўли ҳам назарда тутилмоқда. Топшириқ берилган, пул ажратилган, аммо ишни бажаришга келганда масъулларда «мадор» йўқ.
Ҳоким бово, Сизга накуртликлар «салом» айтишаяпти…
Икки кунлик сафаримиз поёнига етиб, ортга қайтар эканмиз, накуртликлар бот-бот қуйидаги гапларни уқтиради бизга: «Яхшилаб ёзинг, бизнинг вилоят ҳокимига салом айтганимизни ҳам ёзинг! Токи, йўлимизнинг тақдири вилоят ҳокимига боғлиқ экан, у кишидан сахийлик кутиб қоламиз. Ҳадемай, Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Агар яқин ўртада «Накурт» йўли асфальт қилинса, бизга бундан ортиқ совға бўлмас эди».
Ёрбек Искандаров,
(Hudud24.uz сайтидан олинди)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter