Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айримлар муваффақият қозонади, бошқалар эса йўқ. Нега?

Айримлар муваффақият қозонади, бошқалар эса йўқ. Нега?

Бу масала инсоният ҳали ғорларда яшаш жонига тегиб, ҳаётини шинам қилиш учун йўл излаган кўҳна даврдан буён одамларни қийнаб келади. Балки муваффақият қозонган ҳамда омадсизларнинг тавсифларини таққослаб, бу саволга жавоб излаб кўрармиз...

Ҳамма гап шундаки, муваффақиятли киши нимани истаётганини аниқ билади, унинг ўзи хоҳлаган режага эга бўлиш қобилияти бўлади. Вақтининг кўп қисмини мақсадини амалга оширишга сарфлайди. Муваффақиятсиз одам эса ҳаётда аниқ мақсадга эга эмас, у ҳар қандай муваффақият ҳақиқий ютуқ туфайли юзага келади, деб ишонади ва бу ишни бажаришга мажбур бўлган вақтидагина ташаббус кўрсатади.

Муваффақиятли киши абжир савдо ходими сифатида ҳамкорликдаги мақсадларини юзага чиқариш учун дўстона тарзда бошқаларга таъсир этиш санъатини эгаллаган бўлади. Муваффақиятсиз инсон эса, одамлар билан муносабат ўрнатишда муваффақиятсизликка учрайди, мақсади йўлида адашади ва буни танқидий ёндашяпман, деб тушунтирмоқчи бўлади.

Ҳаётда муваффақият қозонган одам гапиришдан олдин яхшилаб ўйлайди. Сўзларини гўё тарозида тортиб кўради. Одамларни яхши кўришини алоҳида белгилайди, уларга нисбатан салбий муносабатини (антипатиясини) кам даражада билдиради ёки умуман намоён этмайди. Омади юришмаган киши эса мутлақо қарама-қарши тарзда ҳаракат қилади. У олдин гапиради, кейин ўйлайди. Сўзлари фақат халақит беради ёки афсусларга сабаб бўлади, натижада худди шу туфайли келадиган қаҳр-ғазаб тузатилмас камчиликка дучор қилади.

Муваффақиятли кишилар ўз фикр-мулоҳазасини қандайдир ахборотга таянган вақтда билдиради, шу боис уларнинг айтганлари ғоят онгли даражада бўлади. Омадсизлар эса ўзлари кам билган ёки ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган нарсалар тўғрисида гапирадилар, холос.

Муваффақият қозонган инсонлар вақтлари, кирим ва чиқимларини ҳисоб-китоб қиладилар. Улар ўйлаб, сўнг сарфлаб яшайдилар. Муваффақиятсиз кишилар эса вақтини беҳуда сарфлаб, пулларни ҳам қийматига қарамай, бўлар-бўлмасга исроф қилаверади.

Омадли киши одамларга катта қизиқиш билан ёндашади, айниқса умумий жиҳатлари ўзига ўхшаш кишиларга нисбатан дўстона муносабат ўрнатишга ҳаракат қилади. Муваффақиятсиз одам эса нимадир керак бўлган одам билан дўстлашади, холос.

Муваффақиятли инсон ҳар қандай воқеа-ҳодиса ҳамда барча одамларга очиқ-ойдин фикрлаш ва сабр-қаноат билан ёндашади. Омадсиз киши эса дўстона ҳамкорлик ва қулай имкониятларни баҳолашда халақит бераётган одамларга нисбатан чегаралаш ҳамда тоқатсизлик ҳолатларини намоён этади.

Муваффақият қозонган киши ҳамиша давр билан ҳамқадам, у атрофда рўй бераётган ҳамма нарсани, фақат шахсий бизнеси доираси ва мутахассислиги ёки ҳаммаслаклари сафида эмас, балки ўзи яшаётган, шу билан бирга бутун дунёда рўй бераётган воқеаларни билишга мажбурман, деб ҳисоблайди. Муваффақиятсиз одамни эса фақат ўзининг бевосита эҳтиёжлари қизиқтиради, ана шундай турли воситаларни қўлга киритиб, қониқиш ҳосил қилади, улар тўғрими-нотўғрими, бу билан иши йўқ.

Муваффақиятли одам ўзини ҳамиша ҳаёт тажрибаларига мослаб боради. Ўзининг эгаллаган ўрнини англайди. Бошқа одамларга кўрсатадиган хизмат миқдори ва сифатига қараб, бундай муваффақиятдан қониқиш ҳосил қилади. У ваъда қилингандан кўпроқ хизмат кўрсатишни ўзига қоида сифатида олади. Муваффақиятсиз киши эса доимо ниманидир бепул қўлга киритиш пайида бўлади. Агар бунга муяссар бўлмаса, бошқаларни хасисликда айблай бошлайди.

Омадли киши эътиқод билан яшайди ва буни тоат-ибодатлари, кишилар манфаати учун қиладиган ишларида ифодалайди. Омадсиз киши эса ҳеч нарсага ишонмайди, у фақат ўзининг қорни, бошпанасини ўйлайди ва ҳар қандай шароитда буларни бошқалар ҳисобига ундириш пайида бўлади.

Хулласи калом, муваффақият қозонган ва муваффақиятсиз кишиларнинг сўзлари ва ишлари ўртасида катта фарқ бор. Ўзлигини сақлай олган одам муваффақиятлидир, шундай бўлиб қолинг.

Наполеон Хилл китобидан.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг