«Аҳвол қалай, МИБчилар?..»
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ташкил қилган брифинглар баҳс-мунозараларсиз ўтмайди, рости. Шунга қарамай, ОАВдан қочмайди, аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орасида журналистлар билан энг кўп учрашадигани ҳам Бюро.
Кеча бўлиб ўтган тадбир ҳам баҳс-мунозараларга бой бўлди. Асосий гап нореал қарзорликлар теварагида бўлгани учунми оммавий ахборот воситалари ходимлари МИБ мутасаддиларини «саволбўрон» қилиб ташлашди.
Аёнки, «Xabar.uz» ҳам жим ўтирмади, унинг саволи мазмуни андоқ эди: «Нореал қарздорлик юзага келишининг энг катта сабаби талон-торожлик экани айтилди. Табиий газдан ўмаришлар ғишт заводлари, охак цехлари, иссиқхоналар ва, айниқса, «газ заправкалари»да кўп учрамоқда экан. Тушунарли. «Газ заправка»ларининг қоғоздаги эмас, асл соҳиблари катта-катта амалдорлар экани ҳақида кўп эшитамиз. Амалдорларнинг эса дасти узун: ишқилиб... қийналиб қолмаяпсизларми?»
Жавоб (мазмуни): «...Ҳамма «газ запракалари»да ноқонуний ишларга қўл урилади, деган қараш нотўғри. Қонуний ишлаётганлари ҳам кўп. Улар кимга тегишли экани эса аҳамиятсиз. Ноқонуний ҳолат аниқландими, дарҳол чора кўрилади. МИБ ходимларининг «газ заправка»ларда ўтказган текширишларида 23 та ҳолатда қонунсизлик фош этилиб, жами 37,7 млрд. сўмлик зарар аниқланди. Бу борада қонунийлик таъминланишига шубҳа йўқ...».
Жавоб қисқа ва лўнда. Бироқ унда кўпроқ расмийлик, озроқ писанда ва яна жиндек муболаға ҳам бордек...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter