25 йилга қамалган қотил математикани ўрганишни бошлади ва илмий кашфиёт қилди
Чорак асрга озодликдан маҳрум этилган Кристофер Хэвенс Вашингтон қамоқхонасида жазони ўтаяпти — қотиллик қилган. Панжара ортига тушган Кристофер ўзгаришга қарор қилди ва бошланишига илмий иш қилди... Ғаройиб воқеа ҳақида «Popular Mechanics» ёзмоқда.
Ҳаммаси Хэвенс бир кишилик камерада ўтирганида математикага қизиқиб қолганидан кейин бошланди. Бироқ қамоқхонада адабиётлар тақчил, мураббийларни-ку айтмасаям бўлади. Азбаройи қизиқиш устунлигидан Хэвенс «Annals of Mathematics» журналига обуна қилишларини сўраб хат ёзади.
Мактуб кимё фани доктори Марта Черрутининг қўлига бориб тушади.
«Қизиққанлар шахсий фойдаланишлари учун «Annals of Mathematics»га обуна бўлиш тўғрисида маълумот қидиряпман. Вашингтондаги жазони ўташ муассасасида 25 йиллик муддатни ўтаяпман, бу вақтда ўз устимда ишлашга қарор қилдим. Ҳисоблаш ва сонлар назариясини ўрганяпман, сонлар билан ишлаш ҳаётим мазмунига айланди. Менга журналингиз ҳақида маълумот жўната олмайсизми?», деган мазмунда йўлланганди хат.
Хатининг якунида Кристофер математикани мустақил ўрганаётгани, баъзида айрим нарсаларни тушуниши учун жуда кўп вақт кетаётганидан шикоят қилади. Маҳкум ўзига ёрдам бера оладиган математиклар билан ёзишмалар олиб боришга изн сўраганди. Унинг бахтига Марта Черрутининг отаси Умберто Туринг университети профессори, сонлар бўйича назариячи олим эди.
Умберто маҳкумни имтиҳон қилиб кўриш учун топшириқ ёзиб жўнатади. Жавоб кўп куттирмади, почта орқали узун ва мураккаб формула ёзилган 120 сантиметрли қоғоз келди. Профессорни ҳайратлантиргани ёзилганларнинг барчаси бенуқсон эди.
Шундан сўнг Умберто маҳкумни ўзининг доимий касрлар муаммоларига бағишланган ишига таклиф этади. Олим билан бир йил давомида олиб борилган ёзишмалар, фикрлар алмашинуви натижасида маҳкум илмий кашфиёт муаллифига айланди. Илмий иш натижалари «Researcher in Number Theory» журналида 2020 йилнинг январида чоп этилди.
Кристофер Хэвенс муаллифлигидаги илмий ишда улкан рақамлар апроксимациясининг баъзи қонуниятлари биринчи марта исботлаб берилди. Буларнинг барчасига Кристофер оддий ручка ва қоғоз ҳамда италиялик олимлар билан ёзишмалар олиб бориш имконияти ҳисобига эришди.
Бироқ Кристофер Хэвенс чинакам математик сифатида тўлақонли фаолият юритишни бошлаш учун узоқ кутишига тўғри келади — яна 16 йил қолди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter