Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«100 та ном ҳазил гапми?» – Таниқли таржимон жиддий таклиф билан чиқди

«100 та ном ҳазил гапми?» – Таниқли таржимон жиддий таклиф билан чиқди

Таниқли таржимон ва шоир, Бутунжаҳон шеърият ҳаракатининг (WPM) Ўзбекистондаги координатори Аъзам Обид мамлакатнинг халқаро майдондаги тарғиботига масъул ташкилотларга жиддий таклиф билан чиқди. Ҳозирга қадар юзга яқин ўзбек шоир-ёзувчилари асарларини инглиз тилига таржима қилган ижодкор уларни китоб ҳолида чоп этиш, чет элларда тарқатиш ва тарғиб этиш вақти келганини таъкидлайди.

«Кейинги йилларда асосан онлайн ё электрон китоблар чиқариб ва ё ижод намуналаримни сайтимгагина қўйиб, босма нашр этишдан тийилса-да, қачонлардир у ёқ-бу ёқда анчагина («бир диванга ёйиб томоша қилгулик») ишларим чоп этилган ҳам экан. Куни кеча катта тилшунос-луғатшунос олим Насимхон Маматовнинг олима ва таржимон қизлари, барака топгур Хуршида Маматова Фейсбукда ижодий ишларим ҳақида турли манбалардан саралаб, рус тилида каттагина пост қўйибдилар. Ўша пост баҳона 100 га яқин ўзбек шоир ва ёзувчисининг асарларидан намуналарни ҳеч иккиланмай инглизчага таржима қилганим эсга тушиб қолди. 100 та ном ҳазилакам гапми?» – деб ёзади Аъзам Обид ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Ўзбек адабиётини чет тилларга таржима қилишни мақсад-маслак деб билган мутаржим қизиқарли ижодий лойиҳаларни таклиф этади.

«Асарларини баҳолиқудрат инглизчага таржима қилганим 100 га яқин ўзбек шоир ва ёзувчисининг асарлари «Ўзбек мумтоз адабиёти», «Ўзбек романлари», «Ўзбек ҳикоялари», «Ҳозирги замон ўзбек шеърияти», «Ўзбек аёл ижодкорлари» каби катта-кичик ҳажмдаги 10 томли китоб бўлар, эҳтимол. Яна ижодкорларимиз шеърларини инглизча ўқиб, ўнлаб видеолар ҳам қилганман – бир гўзал рақамли лойиҳа тузиш имкони бор. Ҳой, Ўзбекистон тарғиботига ва имижига масъул ҳукумат, вазирлик, агентлик, элчихона, ҳокимият, уюшмалар! Мана, сизга тайёр лойиҳалар! Битта яхши муҳаррир топиш мендан. Қолган муҳим ишларни – таржималарни чет элликларга тақдим этиш ва сотиш учун сифатли китоб ҳолида нашр этиш, чет элларда тарқатиш, тарғиб этиш, хорижда муаллифлар билан учрашувлар, адабиёт кечалари, муҳокама ва мушоиралар ташкил қилишни зиммангизга оладиган мардлар борми ичингизда?» – дея мутасаддиларни саволга тутади муаллиф.

Таъкидланишича, ҳозир мудрайдиган, пинакка кетадиган давр эмас.

«Қайтараман, бу ерда гап нобелчилару машҳур бестселлерларнинг ўзбекчага таржимаси ҳақида эмас, балки Навоий, Паҳлавон Маҳмуд, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирдан тортиб Ҳалима Худойбердиева, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Эркин Аъзам, Жамол Камол, Эврил Турон, Ҳалима Аҳмад ва ҳоказо шоир-ёзувчиларимизнинг инглизчага ўгириб бўлинган асарлари ҳақидадир. Ҳалиям ўйлаб кўрасизми ё? Уйғонармисиз, мудроқлар, ухлоқлар ва игнорчилар?!» – деб ёзади куюнчаклик билан А.Обид.

Эслатиб ўтамиз, Аъзам Обиднинг ўнлаб шеърий ва таржима китоблари нашр этилган, асарлари 25 дан ортиқ тилга ўгирилган. Ўзбек назми ва насридан қилган таржималари Буюк Британия, Ҳиндистон, Германия, Франция, АҚШда китоб ҳолида ҳамда босма нашрларда босилган. Масалан, 2021 йилда АҚШда унинг таржимасида Алишер Навоий ғазаллари ва шоира Турсуной Содиқованинг «Навоий гулшани» рисоласи жамланган «Without You» («Сенсиз») деб номланган китоб нашр қилинган.

Ижодкор Ўзбекистонда илк бор «Халқаро ёзувчи ва рассом резиденцияда» лойиҳасига ҳам асос солган.

А.Обид – Япония халқаро фазо уюшмаси ташкил қилган, шеърлари Ойда ўқилган дунё шоирлари лойиҳаси иштирокчиси. Европа, Осиё ва Америка қитъаларида ўтказилган ўнлаб адабиёт, шеърият ва маданият фестиваллари қатнашчиси. Франклин ҳамда «Бургут» (Eagle) мукофотлари соҳиби.

Ижодкор аввал ҳам мамлакатимиз адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасида салмоқли таклиф ва ташаббусларни илгари сурган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг