Халқ банки замонавий банк хизмат турлари юзасидан пресс-тур ўтказди
Бугун 14 февраль куни Халқ банки Тошкент шаҳар Амалиёт бўлимида банк томонидан аҳолига тақдим этилаётган замонавий банк хизмат турлари билан журналистларни таништириш мақсадида пресс-тур ўтказилди.
Халқ банки матбуот хизмати котиби Сарвар Очиловнинг маълумот беришича, Тошкент шаҳар Амалиёт бўлимида тўлов тизимларини бажарувчи кўп функцияли банкоматлар ўрнатилди. Бу эса жаҳон андозаларига мос равишда мижозларга замонавий, сифатли ва жозибадор банк хизматларини кўрсатишни таъминлайди.
Халқ банки томонида мижозларга барча турдаги замонавий банк хизматлари кўрсатилиб, қатор имтиёзлар жорий этилмоқда. Мисол учун банкдан ҳисоб рақами очиш, ёпиш, Корпоратив мобил банкинг ҳамда Интернет банкинг хизматлари мутлақо бепул.
Энг муҳими, Халқ банкида ҳисобрақамдаги маблағларни Интернет банкинг ва Мобил банкинг дастурлари орқали банк иштирокисиз, бош бухгалтер тасдиғисиз ўтказиши ҳамда мижозлар ўз ҳисобрақамидаги маблағларни дам олиш кунлари ҳам ўтказиши имконияти яратилди.
Халқ банки мижозлари учун «Xalq Mobile» мобиль иловаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ёрдамида онлайн конверция, бошқа бир банк карталарига пул ўтказмаларини амалга ошириш, бир нечта карталарни қўшиш ва уларни ҳисоб рақамларини назорат қилиш ҳамда бошқариш, тўлов ва ўтказмалар тарихини сақлаш хизматларидан онлайн режимда фойдаланиш мумкин.
Хусусий тадбиркор Наримон Аҳроровнинг айтишича, банкнинг ушбу қулайликлари мижознинг оворагарчилигини кескин камайтириб, қулайликларни юзага чиқармоқда.
Шунингдек, илова ёрдамида Халқ банки томонидан мижозга тақдим этилган кредит қолдиғни кузатиб бориш, ҳисобланган қарздорликни онлайн сўндириш, банкда сақланаётган омонат ва жамғармалар тўғрисидаги маълумотларни кўриш, ҳисобланган устама ҳақ миқдорларини назорат қилиб бориш ҳамда ушбу илова ёрдамида дунёнинг исталган интернет дўконлари орқали харидларни амалга оширишлари мумкин.
«Халқ банки яқинда «24/7 Электрон офис»лар ташкил қилди. Унда биз мижозларга ҳафтасига етти кун, кечаю кундуз хизмат кўрсатади. Албатта, бу аҳолига ҳамда мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмонларга қўшимча қулайликлар яратади», дейди «Art Palitra» МЧЖ вакили, банк мижози Ҳамро Фатҳуллаев.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Халқ банки томонидан банк мижозларига, юридик шахслар учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида банк хизматлари тури, хизматлардан қандай фойдаланиш ҳақида маълумотлар тўлиқ акс этган махсус китобча тақдим этилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter