Вазирликларга аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқиш топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни чорвачилик ва боғдорчилик тармоқларини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қилинган ишлар етарли эмас, деб баҳолангани тўғрисида хабар бергандик.
Кун тартибига боғдорчилик соҳасига доир масалалар ҳам қўйилди. Жорий йилнинг 9 ойида мева-сабзавот экспорти қарийб 1 миллиард долларга етди. Бўш ерлардан унумли фойдаланиш, талаб юқори бўлган экин навларини етиштириш натижасида келгусида ушбу кўрсаткични янада ошириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Президентимиз бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳали талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Хусусан, Қибрай ва Тошкент туманларида мавжуд боғларнинг 912 гектари ёки 20 фоизи, токзорларнинг 164 гектари ёки 13 фоизи эски ва самарасизлиги аниқланган. Бундан ташқари, фойдаланилмаётган 1 400 гектар лалми, шунингдек ғалла экилаётган 4 040 гектар ерлар мавжуд. Ушбу туманларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи 19 та корхона 50 фоиз қувватда ишламоқда.
Шу боис, мева-сабзавотга ихтисослашган барча 55 та туманда боғдорчилик соҳасида мутлақо янги тизим жорий қилинади. Унга кўра, хориж бозорларида ўз товар белгисига эга бўлган экспортчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари иштирокида ушбу туманларда кооперациялар ташкил этилади. Ҳар бир туманда экинларни жойлаштириш кооперациялар таклифи бўйича амалга оширилади, улар боғ ва токзорларга кўчатларни етказиб бериш, ҳосилдорликни ошириш юзасидан кўмаклашади. Шунингдек, боғдорчиликка ихтисослашган ҳар бир туманда агротехник тадбирларни тўғри амалга ошириш учун ўқув марказларини очиш вазифаси қўйилди.
Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги тизимни жорий этиш, кооперацияларни молиявий таъминлаш юзасидан аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг пировард мақсади мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказишдан иборат.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди ва келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter