Ўзсаноатқурилишбанк ва ЕТТБ ўртасида конвертацияланадиган қарз битимлари имзоланди
Жорий йил 27 июль куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан Ўзсаноатқурилишбанк акцияларига конвертация қилиш имконияти билан 50 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини ажратиш тўғрисида Битимлар пакетини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу битимлар асосида тақдим этилаётган кредит маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини амалга ошираётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари лойиҳаларини кредитлашга қаратилишини назарда тутади.
Бунда молиялаштиришнинг бир қисми иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади. Бу эса, Банкка «яшил банкинг» дастурини кенгайтиришга имкон беради.
Ушбу ҳужжатлар томонлар ўртасида Президентимиз томонидан 2020 йил 12 майда имзоланган «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Фармон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкини халқаро молия институтлари иштирокида хусусийлаштириш ва трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.
Битимларда Ўзбекистон Республикаси банк секторига давлат улушига эга тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш, банк ишига оид замонавий стандартлар, ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш, зарур тажриба ва билимларга эга инвесторларга танлов асосида банклардаги давлат улушига эга акцияларини сотиш, шунингдек давлат улушига эга тижорат банклари ва корхоналарни параллель равишда такомиллаштириш орқали ислоҳ қилиш каби тадбирлар белгиланган.
2018 йилдан буён Ўзсаноатқурилишбанк Халқаро молия корпорацияси, ЕТТБ каби етакчи молия институтлари билан корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, бизнес жараёнларни қайта кўриб чиқиш, бу борада амалиётларни тижоратлаштириш, таваккалчиликларни бошқариш ва ғазначилик операциялари тизимини такомиллаштириш, шунингдек, «яшил» лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш орқали хусусийлаштиришга тайёрлаш масалалари бўйича яқин ҳамкорлик қилади.
Банк Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter