«Ўзбекнефтгаз»: Молиявий ўрганишлар натижасида йирик миқдордаги ўзлаштиришлар фош этилди
Молиявий ўрганишлар натижасида йирик миқдордаги маблағ ўзлаштирилиши, 415 млн сўмлик нефть маҳсулотлари камомади, асоссиз иш ҳақи ва тўловлар тўлаб келингани фош этилди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан, Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ходимлари томонидан Жамият тизимидаги корхоналар фаолияти ўрганилмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖда коррупцияга қарши курашиш сиёсатини тизимли равишда амалга ошириш, ходимлар, фуқаролар ва кенг жамоатчилик ўртасида унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамай, афсуски ўрганишлар жараёнида тизимда ишчи-ходимлар ўртасида шахсий манфаатларини кўзлаб хизмат вазифаларини суъистемол қилиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Таъкидланишича, жорий йилнинг март ойида олиб борилган профилактик ишлари натижасида Жамият обрўсига путур етказадиган қуйидаги каби салбий ҳолатлар аниқланди ва ўз навбатида уларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, «Мароқанд нефть база» МЧЖ ходими А.Ш. ўз шахсий манфаатларини кўзлаган ҳолда яқин қариндошларини аслида ишламасада, нефть базаси тизимига ишга расмийлаштириб, уларга (2017–02.2021 йилларда) жами 116,6 млн сўм иш ҳақи ҳисоблаб тўлаб берилган. Олиб борилган чоралар натижасида ушбу маблағ жамият ҳисобига қайта тикланди.
Шунингдек, «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ ишчи ходимлари Б.Ж.га 2019–2021 йиллар давомида, Д. У.га 2016-2021 йиллар давомида ҳақиқатда ишламаган бўлсада, жами 146,0 млн сўм ойлик иш ҳақлари асоссиз ҳисоблаб, тўлаб берилган. Ҳозирда ушбу маблағлардан 91,0 млн сўми қайтарилди ва қолган маблағларни қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Беруний» болалар соғломлаштириш оромгоҳи мутахассиси А.П. 2020–2021 йилларда 7 ой давомида ҳақиқатда ишламаган бўлсада, ушбу даврда унга асоссиз равишда жами 26,8 млн сўм иш ҳақи ҳисобланган. Ушбу ходим бошқарманинг тегишли буйруғи билан вазифасидан озод этилди ва ноўрин тўланган маблағларни ундириш чоралари қўрилмоқда.
Тизимда олиб борилаётган кенг кўламдаги назорат профилактика ишлари ва бунинг натижасида Жамият раҳбарияти томонидан кўрилаётган турли ҳуқуқий ва интизомий чораларга қарамасдан айрим нефть базалари МЧЖлари моддий жавобгар шахслар томонидан жамият мулкига нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиш ҳолатлари хали-хануз учрамоқда.
Масалан, «Фарғона нефть база» МЧЖда жамият масъуллари билан биргаликда амалга оширилган комплаенс назорати жараёнида «Қатортол» ва «Алишер Навоий» ФЁТШларида моддий жавобгар шахслар зиммасидаги жами 69 279,0 литр, умумий қиймати 415,5 млн сўмлик нефть маҳсулотларининг камомади аниқланди. Ушбу ҳолатга белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши ва камомадни ундирилиши бўйича жараёнлар давом этмоқда.
Худди шундай, «Тўрақўрғон нефть базаси» МЧЖ Чуст филиалига қарашли ФЁТШларда («Ўзбекистон», «Зарафшон», «Каркидон» ва «Олмос») ўтказилган ўрганишларда нефть маҳсулотларини белгиланган тартибда расмийлаштирмасдан ва тўловсиз бериб юборилиши натижасида 66,3 млн сўмлик (11021 литр дизель ёқилғиси) камомадга йўл қўйилганлиги аниқланган. Ўрганиш жараёнида мазкур камомад тўлиқ қайта тикланди ва филиал масъулларига нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ интизомий чоралар қўлланилди.
Бундан ташқари, Жамиятнинг тизим корхоналарига бириктирилган комплаенс инспекторлари томонидан ўтказилаётган назорат профилактика ишлари натижасида пул маблағларининг самарасиз ишлатилиши, товар-моддий бойликларни сақланиши, манфаатлар тўқнашуви, харид жараёнларидаги айрим хатоликлар, шунингдек, қарздорликларни ўз вақтида ундирмаслик билан боғлиқ бошқа хатоликлар ҳам аниқланиб ўз вақтида бартараф этиб келинмоқда.
Хусусан:
- «Тўрақўрғон нефть базаси» МЧЖда 2020–2021 йиллар давомида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ажратилиши ўрганилганда, аниқланган жами 185,0 млн сўм ортиқча тўловларнинг қайтарилиши;
- «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ якка тартибда турар-жой қурилиши ва уни фойдаланишга берилиши ҳақидаги шартнома ва бухгалтерия бирламчи ҳужжатлари ўрганилганида, уй-жойлар учун ходимларга ажратилган маблағлардан жами 1 621,4 млн сўм қарздорлиги бўйича жорий йилнинг март-апрель ойларида 934,9 млн сўм қайтарилиши;
- «Андижон нефть базаси» МЧЖ томонидан 2020 йил март-апрель ойлари давомида Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясига нотўғри ўтказилган 872,2 млн сўм маблағ нефть база ҳисоб рақамига қайтарилиш ҳолатлари шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, фуқаролар, тизим корхоналари ишчи-ходимлари ва истеъмолчи контрагентлар ҳамкорлик доирасида юзага келадиган коррупцион ҳолатлар ёки Жамият масъуллари томонидан қонунбузулиш ва корропцион ҳолатлар содир этилганда Жамият расмий сайти, Молиявий ва комплаенс назорат департаментининг [email protected] электрон манзили ҳамда @ung_anticorBot телеграм ботлари маълум қилишингиз мумкин. Мурожаат, йўллаганлар шахси мутлоқо сир сақланиши кафолатланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter