Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тартибсизлик қилган шахслар судга тортилди
Кеча, 8 апрель куни тахминан соат 11.00 да Тошкент шаҳар ИИББга Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан икки нафар номаълум шахслар жамоат тартибини бузганликлари тўғрисида маълумот келиб тушган.
ИИББ матбуот хизмати хабар беришича, воқеа жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимлари идора раиси муфтий Усмонхон Алимов билан учрашувни ташкиллаштиришни қўпол тарзда талаб қилаётган икки нафар эркак кишини тўхтатишган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ишчиларининг маълум қилишларича, Усмонхон Алимов хизмат сафарида бўлганлиги сабабли, идорага келган икки нафар шахс билан идора раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансур учрашган. Аммо улар раис ўринбосари берган жавоблардан қониқмасдан, идора ходимларига қаратилган турли хил ҳақоратомуз ўхшатишлар билан ўз талабларини изҳор этишда давом этишган. Ўзларининг ҳар бир ҳаракатларини улар мобиль телефон орқали ижтимоий тарқмоқларга тўғридан-тўғри узатиб видеога олишган.
Ички ишлар ходимларининг жамоат тартибини бузишни тўхтатиш ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари билан конструктив суҳбатга ўтиш тўғрисидаги қонуний талабларига икки нафар эркак қатъий рад жавобини беришган. Шу муносабат билан уларга нисбатан маъмурий баённома тузилган.
Олмазор тумани маъмурий ишлар бўйича суди ушбу факт бўйича тўпланган материалларни ўрганиб чиқиб ва томонлар фикрларини эшитиб, 43 ёшли муқаддам бир неча бор судланган (шулар қаторида фирибгарлик учун ҳам) Р.К. ва 47 ёшли А.Т.ларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- («Майда безорилик») ва 194-моддаларида («Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter