Ғарбий Африканинг энг тинч мамлакатида тартибсизликлар авж олди
Сенегалда полиция ва президентлик сайловларининг кечиктирилишига қарши намойишчилар ўртасида оммавий тўқнашувлар бошланди. Камида бир киши ҳалок бўлди.
The Guardian газетасининг хабар беришича, Сенегалда президентлик сайловларининг кечиктирилишига қарши оммавий намойишлар тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Сенегал узоқ вақтдан бери Ғарбий Африкадаги ҳарбий тўнтаришлар ёки йирик фуқаролик тартибсизликлари бўлмаган мамлакатлардан бири эди.
Тартибсизликлар мамлакат пойтахти Дакар ва бошқа шаҳарларни қамраб олди. Дакарда полиция оломонни назорат қилиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқлар ва шовқинли гранаталардан фойдаланишга мажбур бўлди. Мамлакат шимолидаги Сен-Луи шаҳрида, дастлабки маълумотларга кўра, полиция билан тўқнашувда бир талаба ҳалок бўлган. Дакар кўчалари ёнаётган шиналар тутуни билан қопланган, намойишчилар йўлларни тўсмоқда. Оммавий митинглар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Маҳаллий меъёрларга кўра, Ғарбий Африканинг энг тинч мамлакатларидан бири бўлган Сенегалдаги норозилик намойишлари амалдаги президент Макки Салл 25 февралга белгиланган президентлик сайловлари номаълум муддатга қолдирилганини эълон қилганидан кейин авж олди.
Мухолифатдаги сиёсатчилар бу қарорни давлат тўнтариши ва ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш деб атади. Дакар кўчаларида сенегаллик намойишчилар «Макки Салл — диктатор» дея ҳайқирмоқда.
Президентнинг ўзи сайловни номзодлар рўйхати билан боғлиқ муаммолар туфайли қолдирганини, бу эса «сайлов жараёнининг яхлитлигини шубҳа остига қўйишини» айтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter