Одамларга бепул юридик ёрдам берадиган муассасага раҳбар тайинланди
Тўлқин Турсунов «Мадад» нодавлат нотижорат муассасаси ижрочи директори лавозимига тайинланган. Муассаса 12 сентябрь куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бу муассаса Адлия вазирлигининг таклифига асосан 6 сентябрь куни ҳукумат қарорига асосан ташкил этилган эди.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, муассасанинг асосий мақсади аҳолига беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўли билан уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашишдан иборат.
«Мадад»нинг асосий вазифалари:
- фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатади;
- фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш учун кўнгиллиларни жалб этади;
- фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб боради, таҳлил натижаси бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усуллар, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини амалиётга татбиқ этади;
- «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталини мунтазам равишда юритади ва янгилаб боради.
Муассаса республиканинг 14 та ҳудудидаги бўлинмалари, шу билан бирга, туман (шаҳар)ларда фаолияти йўлга қўйиладиган ҳуқуқий маслаҳат бюролари орқали хизмат кўрсатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter