Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Парда учун жарима, нафақа тайинлаш муддатини узайтириш ва уч йиллик мажбурият»: «Мадад» ННТ таклиф берди

«Парда учун жарима, нафақа тайинлаш муддатини узайтириш ва уч йиллик мажбурият»: «Мадад» ННТ таклиф берди

Ҳукумат қарорига кўра, «Мадад» ҳуқуқи маслаҳатлар муассасасининг асосий вазифаларидан бири сифатида, фуқароларларнинг ҳуқуқий масалалардаги мурожаатларини таҳлил қилиб, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.

Шунга кўра, муассаса томонидан фуқаролардан келиб тушган кўплаб саволлар таҳлил қилинди ҳамда айрим қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланди.

Автомобилга парда ўрнатганлик учун 5 млн сўм жарима адолатданми?

Ўзбекистон ҳавонинг иссиқлик даражаси жуда юқори бўлган ҳудуд ҳисобланади. 

Шунга кўра, кўпчилик автотранспорт воситаси ҳайдовчилари ёз ойларида қуёшнинг иссиқ нурларидан ҳимояланиш мақсадида, автомобилнинг орқа ён ойналарига парда ўрнатишга мажбур бўлади.

Ўз навбатида, автомобилнинг орқа ён ойналарига парда ўрнатиш ҳозирги амалиётда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 126-моддасига асосан жавобгарликка сабаб бўлади.

Бунда ҳайдовчилар автомобилнинг орқа ён ойналарига парда ўрнатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жаримага, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жаримага тортилади.

Муассасага келиб тушган кўплаб мурожаатлар, бу ҳолат аҳоли ўртасида турли хил тушунмовчилик ва норозичиликларга сабаб бўлаётганлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, МжТКнинг 126-моддаси таҳририга эътибор берадиган бўлсак, унда техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек, ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Аслида, автомобиль ҳайдовчиларини орқа ён ойналарга парда ўрнатиб олганлик учун МжТКнинг 126-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан қирқ бараваригача жаримага тортилиши амалиётда исбот ва далил талаб қиладиган низоли масала ҳисобланади.

Чунки, МжТКнинг 126-моддасида «қўшимча нарсалар» деган тушунчага изоҳ берилмаган ва бундай нарсалар нималардан иборат эканлигига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, бундай низоли ҳолатда автомобиль ҳайдовчиларини базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида, яъни бугунги кун ҳисобида 5 млн 575 минг сўмга жаримага тортилиши қанчалик тўғри ва адолатли бўлади?

Қолаверса, автомобилнинг орқа ён ойналарига парда ўрнатишни ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган ҳолат сифатида бир томонлама баҳоланиши асоссиз ҳисобланади.

Бундан ташқари, шахсий автомобиль воситаларига парда ўрнатишни таъқиқлаш мулк ҳуқуқи қоидаларига ҳам зиддир. Чунки, фуқаролик ҳуқуқи қоидаларига мувофиқ, шахсда мулк ҳуқуқи вужудга келиши учун, ашёга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш элементлари вужудга келган бўлиши керак.

Ушбу таҳлил натижасига кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 126-моддасига асосан автотранспорт воситаси ҳайдовчиларини автомобилнинг орқа ён ойналарига парда ўрнатганлик учун жарима жазосига тортиш амалиётини бекор қилиш таклиф этилади.

Нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш муддатини узайтириш – ортиқча расмиятчиликни олдини олади

Муассасага фуқаролардан болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ажратилиши тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили натижасида ҳам бир қатор муаммолар аниқланди.

Масалан, Ҳукумат томонидан кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланиши белгиланган.

Одатда, ушбу муддат ўтгандан кейин фуқаролар боласига нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш муддатини яна шу муддатга узайтиришни сўраб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги махсус комиссияга такроран мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, айнан шу босқичда ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар айрим бюрократик тўсиқларга дуч келади, бу эса ўз навбатида улар учун ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 234-моддасига эътибор берадиган бўлсак, унда ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланиши, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган низомда эса, бола икки ёшга тўлгунга қадар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмаслиги кўрсатилган.

Ўз навбатида, меҳнат кодексида аёлларга боласи икки ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланиши белгиланган бўлса-да, мутасадди вазирликлар томонидан тасдиқланган низомда эса бола икки ёшга тўлгунга қадар тўланадиган нафақа бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмаслиги кўрсатилган.

Мазкур қонун ҳужжатлари ўртасида юқорида қайд этилган зиддиятларнинг мавжудлиги, уларни мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан амалиётда қўллашда ҳар хил талқин қилишга олиб келади.

Ушбу таҳлиллардан келиб чиқиб, юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларига, улардаги зиддиятларни бартараф этиш ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга нафақа тайинлаш ва унинг муддатини узайтиришда ортиқча расмиятчиликларни олдини олиш мақсадида ўзгартиришлар киритилиши, шу жумладан, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш муддатини бир йўла 6 ойдан 12 ойга, бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш муддатини эса 12 ойдан бола икки ёшга тўлгунга қадар узайтирилиши таклиф этилади.

Уч йил ишлаб бериш мажбурияти – эркин касб танлаш ва билим олиш ҳуқуқини чеклаб қўймайдими?

Олий таълим муассасаси битирувчиларидан келиб тушган баъзи мурожаатлар, бу соҳадаги айрим қонун ҳужжатларидаги муаммоларни бартараф этиш заруратини кўрсатмоқда.

Жумладан, 2005 йилда мутасадди вазирликлар қўшма қарори билан тасдиқланган «Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида»ги низомда, барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган олий таълим муассасалари бакалавр ва магистрлари мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимланиши белгиланган.

Ўз ўрнида, бундан 15 йил аввал тасдиқланган ушбу низомни амалиётда қандай самара берганлиги нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Хусусан, олий таълим муассасасини давлат гранти асосида тугаллаган ва кейинги таълимни чет элда давом эттириш ниятида бўлган талаба, чет давлатга ўқишга кириши учун бакалавр ёки магистрлик дипломининг асл нусхаси тақдим этилиши талаб қилинганда, бундай имкониятга эга эмас.

Чунки, кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда, битирувчи мазкур низом талаблари асосида тақсимот бўйича уч йил ишлаб бергандан кейин унга олий таълим муассасаси томонидан бир ҳафта муддатда меҳнат дафтарчасига мувофиқ дипломнинг асл нусхаси берилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, олий таълим муассасасини давлат гранти асосида тугаллаган талабаларга уч йил давомида тақсимотда белгиланган корхона ва ташкилотларда ишлаб бериш мажбуриятини юклаб қўйилиши, уларнинг ўз хоҳиш ва истагига мувофиқ касб танлашга бўлган ҳуқуқини чеклаб қўяди.

Қолаверса, мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳар ким эркин касб танлаш ва билим олиш ҳуқуқига эга деган конституциявий нормага ҳам зиддир.

Ушбу асосларга кўра, 2005 йилда кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган ушбу тартибни бекор қилиш таклиф этилади.

Тўлқин Турсунов,
«Мадад» – муассаса шаклидаги нодавлат
нотижорат ташкилоти ижрочи директори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг