Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

МИБ ходимлари яна бир ажабтовур ҳолатга дуч келишди

МИБ ходимлари яна бир ажабтовур ҳолатга дуч келишди

Фото: «YouTube»

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари иш жараёнида нималарга деч келмаяпти, дейсиз?

Яқинда шофирконлик фуқаро электр тармоғига кўз илғамас йўллар билан уланиб, «мазза қилиб» юргани фош этилганди.

Бу сафар оҳангаронлик фуқаро «кашф этган» ғаройиб усул аниқланди.

МИБнинг Оҳангарон шаҳар бўлими ходимлари ҳудуддаги хонадонларнинг бирида бўлишганди денг. Хонадонда DDS-28 русумли электр ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, уч киши истиқомат қиларкан.    Умумий ҳажми 100 кв.метрдан иборат беш хонали ушбу хонадонда марказлашган иситиш тизими мавжуд эмас. Уйда кондиционер, музлатгич, «обогриватель», микротўлқинли печ, кир ювиш мошинаси ва бошқа электр қурилмалари мавжуд. Шунга қарамай, ойлик электр энергия истеъмоли ўртача 200-250 кВт., яъни 50,0-60,0 минг сўмни ташкил қилади, холос.

Бунақа бўлиши мумкинмас. Электр ҳисоблагичда бир нарса бор-ов.

Шубҳа устига шубҳа туғилавергани сабаб қурилмадаги кўрсатгичининг ҳаққонийлиги, унга ташқи ва ички таъсир ўтказилган-ўтказилмаганини тезкор йўллар билан текшириш мақсадида электр ҳисоблагич истеъмолчи ва холислар иштирокида ечиб олинди. Сўнг тегишли хулоса олиш учун «ELEKTRON XISOBLAGICH» МЧЖ ва «Ўзстандарт» агентлиги Олмалиқ синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасига юборилди.

Текширув натижасига кўра, «счётчик»даги пластмасса рақамли пломба узилиб, тескари ўрнатилганлиги, давлат стандарт тамғасидаги сана кўрсатилмаганлиги аниқланди. Буниси ҳолва, асосий «ихтиро» Оҳангарон шаҳар ЭТК мутахассиси томонидан «счётчик»нинг ички қисми текширилгач фош бўлди: унинг ичига масофадан туриб тўхтатиш мумкин бўлган қурилма ўрнатилган экан?!

Бу эса кўрсатични «пульт» ёрдамида осонгина орқага қайтариш имкониятини бериб келган... Қойил қолмай илож йўқ! Бунақаси унча-мунча одамнинг етти ухлаб тушига кирмайди. Барака топгур истеъмолчи шу салоҳиятини хайрли ишларга сарф этгандами, бугунгидай ер чизиб қолмасмиди, дейсан-да?!

Ҳозирда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик натижасида етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Катта эҳтимолки, миқдор оз эмас...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг