Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Косонсойда «ер бизнеси»га оид яна бир фирибгарлик фош этилди

Косонсойда «ер бизнеси»га оид яна бир фирибгарлик фош этилди

Ер майдони – бозорда сотиладиган матоҳ эмас. Яқин-яқингача ер майдонлари жисмоний ёки юридик шахсга доимий фойдаланиш учун бириктириб бериларди (муайян ер майдонларини маълум тартиб асосида сотиш амалиёти жорий этилганига кўп бўлгани йўқ-да). Шунга қарамай, унча-мунча одам бир парча ерга «шунчаки эга чиқмаслиги» ҳеч кимга сир эмас. Шу нуқтаи назардан ерли бўлиш учун минг-минглаб доллар бериб, ора-сира чув тушаётганларни аҳмоқ деб бўлмайди. Жумладан, косонсойлик А.Х.ни ҳам.

Хуллас, ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш учун ер майдонига эҳтиёж сезган А.Х.га Косонсой туманидаги фермер хўжалиги тасарруфида бўлган 0,5 гектар ер таклиф этилди. Ҳоким томонидан эмас, албатта. Шугина қуп-қуруқ ер майдонини тадбиркорга ажратиб бериш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш «хизмати» 25 минг АҚШ долларига баҳоландики, А.Х. бунга сиртдан рози, ич-ичидан норози бўлди. Гўёки рози эканини «ер нархи маъқул» деб, норозилиги эса бу ҳақда тегишли органга мурожаат қилиши билан билдирди. 

Шу тариқа Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган шаҳар бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, унда «ҳожатбарор» А.Т. 19600 АҚШ доллари ва 44 млн. сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Косонсойда яна бир «ҳожатбарор» 0.50 гектар ер майдонини «юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали» расмийлаштириб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари талаб қилиб, пулнинг маълум қисмини олаётганда ушланган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг