ИИБ ходимини уриб, тепиб, ҳақоратлаган шахс қамалди
Бухоро вилояти, Қоракўл туманида турли йилларда 4 маротаба жазо муддатини ўтаган шахс бу гал ИИБ ходимини уриб, тепиб, ҳақоратлагани учун яна 3 йилу 6 ойга қамалди.
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳолат Қоракўл тумани «Чекирчи» маҳалласида содир бўлган.
Воқеага кўра, тунги соат 01:20 ларда маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг пастки қаватида икки нафар эркак Ш.Ж., А.Л. ҳамда бир нафар аёл М.С.лар жамиятда юриш-туриш қоидаларини унутиб, дастурхон тузаб, калонкада мусиқа эшитиб, маст ҳолда «қий-чув»лашиб, дам олаётган аҳолига ҳалал беришган. Қўни-қўшниларнинг огоҳлантиришларига қарамай, одоб-ахлоққа зид хатти-ҳаракатларда давом этаверишган.
Ички ишлар органларига келиб тушган мурожаат юзасидан ходимлар тезкор ҳаракатга тушишган ва тўрт нафар ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб келишган. Спиртли ичимлик истеъмол қилган аёл ички ишлар ходимларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қила бошлаган. Унинг шериклари бўлган эркаклар ҳам ўз хизмат вазифасини бажариб турган ходимларни шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлашган. Уларнинг қонуний талабаларини бажармасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, ўз хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга ҳамда қонунга хилоф ҳаракатларни содир қилишга мажбур қилган.
Ш.Ж. ички ишлар ходимларига ўзларини тинч қўйишни шовқин кўтариб айтган. Шиша идишни қўлига олиб, ерга уриб синдириб, ички ишлар ходимларидан бирига яқинлашган. «Бу ердан йўқолмасаларинг, томиримни кесиб ташлайман, санлар жавоб берасанлар» деб пўписа қилган. Ходим Ш.Ж.ни тинчлантиришга уринган. Шу пайт Ш.Ж. ички ишлар ходимига ташланиб, уни уриб, тепиб, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Бу вазиятда бошқа ходимлар спиртли ичимлик таъсирида бўлган фуқарони ушлаб, қўлларига камар тақиб, уч шахсни ҳушёрхонага олиб кетишган. Маст ҳолатдаги икки эркак ва аёл тилга олиб бўлмас ҳақоратомуз сўзлар билан бақир-чақир қилишда давом этишдан тўхташмаган.
Судда сўроқ қилинган судланувчи Ш.Ж. айбга иқрорлик билдирган ва ўз ҳатти-ҳаракатини мастлик ҳолатида билмаган ҳолда юзага келтирганини билдирган. Бироқ, унинг шахси ўрганилда, 39 йиллик умри давомида Жиноят кодексининг турли моддалари билан турли йилларда 4 маротаба жазо муддатини ўтаб чиққани аниқланган.
«Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланган Ш.Ж.га нисбатан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилди. У тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди»,— деди суд раиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter