Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳокимлар ҳақорат қилгани бўйича бизга ҳеч бир фуқаро мурожаат қилмаган» — ИИВ матбуот котиби

«Ҳокимлар ҳақорат қилгани бўйича бизга ҳеч бир фуқаро мурожаат қилмаган» — ИИВ матбуот котиби

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Facebook» ижтимоий тармоғида «Отабек Нуритдинов» тахаллуси билан воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириб келган фуқаро Абдуфатто Нуритдинов 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазолангани ҳақида хабар берилган эди.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ушбу масала юзасидан муносабатини «Дарё»га маълум қилди.

«Биринчидан, ҳеч кимнинг бировнинг шахсиятига тегишга, ҳақорат қилишга ҳақи йўқ. Агар сиз жамиятимизда мавжуд бирор камчиликнинг гувоҳи бўлсангиз, шу ҳақда ижтимоий тармоқларга бемалол ёзишингиз мумкин, бонг уринг, уларнинг бартараф этилиши ҳақида давлат органларидан талаб қилинг, лекин бошқа бир фуқаронинг, у ким бўлишидан қатъи назар шахсиятига тегманг. У одамнинг фарзандлари, қариндош уруғлари, турмуш ўртоғи бор. Айримлари ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилиш ўрнига, сизга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказиши мумкин. Шуни эсингиздан чиқарманг.

Абдуфатто Нуриддинов ишига келадиган бўлсак, очиқ айтсам, агар биз тезкорлик билан унинг қилмишига нисбатан чора кўрмаганимизда эди, билмадим, ҳозир у Янги йилни ҳуқуқ тартибот органларида эмас, касалхонада кутиб олган бўлармиди.

Омма олдида бировнинг яқинларини ҳақорат қилиш ёмон (соғлиқ учун) оқибатларга олиб келишини нафақат бу ёш блогерга, балки тажрибаси ортган бошқа блогерларга ҳам тушунтириш зарурати туғилмоқда.

Бу ҳақда шов-шув кўтараётган блогерларга маслаҳатим, ёш блогерларга маслаҳат беринг, «Қизиққонлик қилма, сендан баттар қизиққонлар чиқади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга таянгин, камчиликларни оммага етказишнинг қонуний тартиби бор», деб.

Яна кўп эшитамиз, нима учун ҳокимлар ҳаммани ҳақорат қилади, уларга чора кўрмайсизлар деб. Шуни барча фуқароларга етказмоқчиман, агар бизга «менинг ҳуқуқим поймол бўлди, шу одам мени ҳақорат қилди, чора кўринг», деб мурожаат қилса, биз албатта тезкорлик билан чора кўрамиз. Агар бирор бир ички ишлар органи ходими сизнинг мурожаатингизни кўриб чиқишни кечиктирса ёки чора кўрмаса, унинг ўзи жавобгарликка тортилади. Ҳокимлар ҳақорат қилгани бўйича бизга ҳеч бир фуқаро мурожаат қилмаган.

Яна бир қўшимча, айрим депутатлар ички ишлар органлари учун «қадамба қадам юриш» ва «маълумот тўплаш» пасткашлик деб фикр билдиришибди. Мен шу депутатга Ўзбекистон Республикасининг «Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонун билан танишиб чиқишларини тавсия қилган бўлардим. Агар эртага бирор кор-ҳол бўлиб, ушбу депутатга нисбатан нўмалум шахс томонидан жиноят содир этилса, шу «пасткаш» ходимлар «қадамба қадам юриш» ва «маълумот тўплаш» орқали мазкур жиноятни фош этади.

Блогерлар бир четда қолиб, депутатларимизга ҳам ўйлаб гапиришни тавсия қиладиган вақт келдими деб ажабланяпман», деган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг