Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дарахт кесганлик учун жарима миқдори 5 бараварга оширилди

Дарахт кесганлик учун жарима миқдори 5 бараварга оширилди

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга асосан, дарахтларни кесиш ёки шикаст етказганлик учун жазо чоралари кучайтирилди.

Хусусан, МЖтКнинг 79-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳоллар қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказган фуқаролар БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача — 8 миллион 500 минг сўмдан 17 миллион сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача), мансабдор шахслар эса БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача, яъни 17 миллион сўмдан 25 миллион 500 минг сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача) жаримага тортилади.

Шу билан бирга, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашё ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача, яъни 17 миллион сўмдан 25 миллион 500 минг сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 75 бараваридан 100 бараваригача, яъни 25 миллион 500 минг сўмдан 34 миллион сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, МЖтКнинг 79-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан мансабдорлар БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача, яъни 17 миллион сўмдан 25 миллион 500 минг сўмгача жаримага тортилади.

Шу билан бирга, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун 49(1) ва 49(2)-модда билан тўлдирилди. Яъни давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесганлик, йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (34 миллион сўмдан 102 миллион сўмгача) миқдорда жарима тарзида молиявий санкциялар қўлланилади.

Қонун 2024 йилнинг 1 март санасидан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг