Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода адвокат туман ИИБда калтаклангани айтилмоқда. Унинг 3 қовурғаси синган

Бухорода адвокат туман ИИБда калтаклангани айтилмоқда. Унинг 3 қовурғаси синган

Фото: Озодлик

Бухоро шаҳридаги «Бухоро адолати плюс» адвокатлик фирмаси бошлиғи Мақсуд Камолов Ғиждувон тумани ИИБ ходими уни уриб, учта қовурғасини синдирганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда адвокатнинг ўзи «Озодлик» радиосига маълум қилган, деб хабар бермоқда «advokatnews.uz».

65 яшар адвокат Мақсуд Камолов сўзларига кўра, ҳодиса 2018 йилнинг 25 декабрида Ғиждувон туман ички ишлар бўлимида юз берган. Ўша куни адвокат терговчи чақирувига кўра, ўз ҳимояси остидаги гумондор шахс иши бўйича ички ишлар идорасига борган. ИИБ назорат-ўтказиш жойида (КПП) адвокатни лейтенант қарши олади ва ички ишлар идорасига мобил телефон олиб кира олмаслигини айтади.

Мақсуд Камолов сўзларига кўра, у зобитнинг бу тақиқига эътироз билдиради. Шунда Сайидов уни курткасидан тортиб КПП хоначасига олиб киради ва ўша ерда дўппослайди.

– Мен умуман кутмагандим, бирданига ўнг қўли мушти билан чап биқинимга уч марта қаттиқ зарба берди. Мен энгашиб қолдим. Кутмагандим. Оғриқдан энгашганимдан кейин тиззаси билан айни биқинимга тепди. Шундан сўнг қўлимни орқага қайириб, мени ички ишлар биносининг ичкарисига, уч қаватли бино ичкарисига олиб кириб кетди, – деган Мақсуд Камолов.

Адвокатнинг айтишича, калтаклаган зобит уни бошқа ходимларга топшириб, яна ўз хизмат жойига қайтади. Мақсуд Камоловни бир соат давомида ҳеч қандай сабабсиз бино ичкарисидаги фуқароларни қабул қилиш хонасига олиб кириб, ушлаб ўтиришган. Кетишга қўйишмаганидек, тез ёрдам ҳам чақиришмаган.

Ниҳоят, бир соатлардан сўнг уни ички ишлар ходимлари Ғиждувон туман прокуратурасига олиб кетишади. Адвокат туман прокурорига учраштиришни талаб қилади.

– Прокурор ҳамманинг олдида «ичгансиз, мастсиз» дедию терговчига қараб, «бунинг ичганлигини аниқлаш учун нарколог текширувидан ўтказинг» деди, – қайд қилган Мақсуд Камолов.

Адвокатга кўра, ўша куни у машина бошқарган ва умуман, иш вақтида спиртли ичимликлар ичмайди.

Маҳаллий вақт билан 21:30 да аҳволи оғирлашгач, прокуратурга ходимлари «Тез тиббий ёрдам» чақиришган. Туман шифохонасида Мақсуд Камоловга илк тиббий ёрдам кўрсатишади ва 22:30ларда уйига кетишига рухсат беришади. Мақсуд Камолов жамоатчи ёрдамчиси Исҳоқ Зойиров ёрдамида ўз машинасида Бухородаги иш жойига қайтади. Аммо кийимини ечиш учун қўлини кўтарганида чап биқинида турган кучли оғриққа чидай олмагач, ўғли ва ёрдамчиси томонидан Республика тез тиббий ёрдам марказининг Бухоро филиалига олиб борилган.

– У ерда мени навбатчи трамватолог-хирурглар кўришди. Рентгендан ўтдим. Шифокорлар пластинкаларни кўриб, «ака, 7, 8 ва 9-қобирғалар ёпиқ синган,» дейишди, – дейди Мақсуд Камолов.

Айтишича, адвокат айни марказда 9 кун даволанган. Буни тасдиқловчи рентген сурати ва экспертиза хулосаси мавжуд.

Мақсуд Камолов Ғиждувон туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими раҳбариятини жиноятни «ёпди-ёпди» қилаётганликда айбламоқда, дейилади хабарда.

«Advokat» журнали ўз манбалари орқали ушбу воқеа тафсилотларини ўрганишни бошлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг