Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш якунланди

Блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш якунланди

Фото: Тергов департаменти

Сурхондарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёнини якунлади.

Қайд этилишича, блогер 2020 йилнинг июнидан 2021 йил январига қадар саккиз кишининг сир сақланиши керак бўлган маълумотларини интернет орқали ошкор қилиш билан қўрқитиб, уларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келгани аниқланган.

«24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а»,«Б» бандлари ва 3-қисми «а» банди (товламачилик), 139-моддаси 3-қисми «а, г» бандлари (туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми «а» банди (ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, товламачиликда айбланаётган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши бўйича жамоатчилик томонидан холис текширув ўтказилиши талаб қилинмоқда.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Сурхондарёда ҳокимларни танқид қилиб келган блогер Отабек Сатторийнинг бозорда видеога олаётган пайтда маъмуриятдагилар томонидан телефони синдирилган ва шу телефони учун янгисини олаётганда унга товламачилик айби илингани ҳақида хабар қолдирганди.

Журналистлар ижодий уюшмаси ҳам блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши ҳолатига муносабат билдирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг