Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Блогер Отабек Нуритдинов ҳокимлик томонидан гаровда ушлаб турилганмиди?

Блогер Отабек Нуритдинов ҳокимлик томонидан гаровда ушлаб турилганмиди?

Асака туман ҳокимлиги ва туман ИИБ 3 кун ертўлада сақланган блогер Отабек Нуритдиновнинг қолган жазо кунларини қамоқхонада эмас, балки шинам квартирада ўтказиши ва яқинлари билан кўришишга рухсат бериш учун онасидан ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилишни талаб қилган.

ЎзЛиДеП масъулларидан бири эса блогернинг хавфсизлиги учун онасидан журналистларга гапирмаслик кераклигини сўраган. Қамоқда қолаётган блогерга айбини тан олиш бўйича босимлар бўлаётгани айтилмоқда.

Би-би-сига келиб тушган аудио файлларда бир гуруҳ шахсларнинг мансабидан фойдаланиб блогернинг онасига босим ўтказаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Андижонлик блогер Отабек Нуритдинов 30 декабр куни Асака туманидаги бюджет чиқимларини суриштираётган вақти ҳокимлик мансабдорларига нисбатан безорилик қилиш айби билан 15 суткага қамалганди.

Отабек қамалгандан сўнг жазосини белгиланган муассасада эмас, балки жиноий айб қўйилганлар сақланадиган Андижондаги Ички ишлар ертўласида ўтайди. У яқинларига кўрсатилмайди ва ертўладаги блогерга яқинлари ҳақида маълумот берилмасдан ташқи дунёдан узиб қўйилади.

Уч кун деганда ўғлининг ертўлада сақланаётганини билган онаси у билан кўришиш истагида ва хавотирини босиш илинжида масъул идораларга мурожаат қила бошлайди.

Ана шу жараёнда Отабекнинг онаси Матлуба Қурбоновага Тошкентдан ЎзЛиДеПнинг Шайхонтоҳур туман бошланғич партия ташкилоти раиси Шоҳида Султонова ва Асака туман ҳокимининг хотин қизлар масалалари бўйича ўринбосари Муқаддас Қурбонова чиқади.

Муқаддас Қурбонова ўзини ҳокимлик томонидан Ички ишлар органига гапи ўтадиган шахс сифатида таништиради. У 1 ва 2 январ кунлари блогернинг онасидан фақат бир нарсани талаб қилади.

«Ҳозир ёзсангиз мен сизни олиб бориб, мен гаплашдим, алоҳида квартира деса квартирага олиб чиқиб қўяман ўғлини, деди. Ваъдани бераверинг опа, деди. Қўрқманг деди. Фарзандим Отабек Нуритдинов ижтимоий тармоқларда чиққан нимаси бўйича менинг ҳеч қандай даъвойим йўқ. Мен она сифатида, деб ўзингиз, ҳеч кимнинг менга ёрдамига муҳтож эмасман. Ўзим ҳамма нарсани тушуниб етдим, деб ёзаверинг опа», — дейди Муқаддас Қурбонова.

Муқаддас Қурбонова блогернинг онасига босим ўтказиш учун 3 марта боғланган. Унинг гапларидан Отабек 15 суткалик маъмурий жазони ўтаётгандек эмас, балки ҳокимлик вакиллари томонидан гаровга олингандек таассурот пайдо бўлади.

Отабекнинг судида жабрланувчи сифатида қатнашган Асака тумани ҳокими Эркин Ёқубовнинг ўринбосари Муқаддас Қурбонова ҳуқуқ-тартибот органларига таъсир ўтказа олишга қодирлигини исботлаш учун туман Ички ишлар бўлими бошлиғи «Нурулло» ва унинг ўринбосари «Рустамжон» деган шахсларнинг номларини тилга олади.

Муқаддас Қурбонова гапини исботлаш учун Асака туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари «Рустам» исмли шахс билан учрашув ҳам ташкиллаштиради.

ИИБ бошлиғининг ўринбосари «Рустам» ҳоким ўринбосари Муқаддас Қурбонованинг Отабекнинг онасининг иқроридан сўнг квартирага чиқариш ҳақидаги гапларига қарши ҳеч нарса демайди.

Балки буни тасдиқлайди.

Би-би-си нима учун қамоқдаги блогернинг ҳолидан хабар бериш йўлида унинг онасидан ўзи истамаган гапларни айтишини талаб қилгани ҳақида сўраш нияти билан Асака туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Муқаддас Қурбоновага боғлана олмади.

Биз Асака тумани Ҳоким ўринбосаридан шунингдек, нима учун ҳуқуқ- тартибот органи ходимлари ишига таъсир ўтказишга ҳаракат қилгани ҳақида ҳам сўрамоқчи эдик.

Би-би-си шунингдек, ҳоким ўринбосарига қонунни эслатиб қаршилик қилиш ўрнига унинг сўзларини тасдиқлаган Асака туман ИИБ бошлиғи ўринбосари «Рустам» билан ҳам боғлана олмади.

Отабек Нуритдинов қамоққа ташланган куннинг эртасига Тошкентдан ўзини Республика инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази сиёсий кенгаши маслаҳатчиси, «Имкон» журнал бош муҳаррири деб таништирган Шоҳида Султонова телефон қилади.

Султонова ўзини Тошкентда Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга таъсир ўтказа оладиган шахс сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. У блогерни икки соатда қўйиб юборишларини айтиб онасини сабр қилишга чақиради.

«Президентга ҳам мурожаат қилганмиз, вилоят ҳокимига ҳам тайинлаб айтган эдим. Икки соат кутиб туринг. Чунки ҳозир биздаям қаттиқ анақа қилдик. Агар икки соатдан кейин хабар бўлинмаса, кейин шунга қараб иш тутасиз. Президентга ҳам ёздик. Икки соат сабр қилинг, икки соатда ҳал қиламиз. Ўзи аслида чиқариб юборади-да. Агарда чиқармаса биз ҳозир қаттиқ нима қиляпмиз. Президентга ҳам ёздик. Фақат ҳозир вақт бўлишига бир кўриб қолса уни ҳал қилиб беради», — дейди Шоҳида Султонова.

Блогернинг онаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновга очиқ мурожаат қилганидан сўнг Шоҳида Султонова яна қўнғироқ қилади. Султонова бу сафар блогернинг онасига ўғлининг хавфсизлиги учун журналистларга гапирмасдан жим туриш кераклиги билан таҳдид қилади.

«Алламжоновга мен ўзим ҳам айтаман. У ҳам ёрдам беради. Ҳозир жуда журналистларнинг орасида шов-шув бўлиб кетяпти-да, шунга ўғлингизнинг хавфсизлиги учун ҳам сабр қилиб ўтириб туринг яхшиси. Алламжоновга ёзибсиз-у, лекин журналистларга ҳар хил гап гапирманг опа, илтимос», — дейди у.

Би-би-си Шоҳида Султонова билан боғланишга муваффақ бўлди. У Отабек Нуритдинов ишига ЎзЛиДеП партиясининг Шайхонтоҳур туман бошланғич партия ташкилоти раиси сифатида аралашганини билдирди.

«Имкон» журнали бош муҳаррири Шоҳида Султонова ўзини асли йўқ лавозим, Республика инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази сиёсий кенгаши маслаҳатчиси, деб ёлғон таништиришнинг айби йўқлигини айтди.

Шоҳида Султонова: Илмий- тадқиқот маркази меники

Би-би-си: Ўша Илмий- тадқиқот маркази сиёсий кенгаши маслаҳатчисиман, дегансиз

Шоҳида Султонова: Унақа деса ҳам бўлаверади. Унинг айб ери йўқ.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан телефон орқали SMS орқали гаплашадиган қадар яқинлигини айтган Шоҳида Султонова блогерларнинг илтимоси билан Отабекнинг онаси Матлуба Қурбоновага телефон қилганини айтди.

Би-би-си ЎзЛиДеп масъулларидан бири Шоҳида Султоновадан блогернинг онаси журналистларга гапирадиган бўлса, блогер хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин, деганда нимани назарда тутганини сўрадик.

«Журналистларнинг ичида ҳам кўряпсиз-у, журналистман деб бўлар бўлмас нарсани халқаро, биз ўзбек миллатимиз дедим. Республиканинг ўзининг ички сиёсати бор. Ҳар нарсани ташқарига олиб чиқиш шартмас-да. Уни кавла-кавла қиладиган бўлса, бу ҳаммага ёйилиб кетса, қонун ҳам ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳаракат қилади-да. Уни қилган хатоларини қилиб туриб 15 сутка эмас, ҳатто жиноий жавобгарликка тортиладиган элементлар бўлиб қолиши мумкин», — дейди Шоҳида Султонова.

Асака туманида бюджет чиқимларини ва халқ таълими бошқармасидаги шикоятларни суриштираётган вақти майда безорилик учун 15 суткага қамалган блогер Отабек Нуритдинов кейинчалик маъмурий ишлар учун судланганлар сақланадиган қамоқхонага ўтказилган.

Яқинлари блогер Отабек Нуритдиновга иш уюштирилганини айтишади.

Блогер гўёки безорилик қилиб Андижон вилоят маъмурий судига олиб борилганида унга қарши қалингина икки йиғма жилд иш кутиб турарди.

Унга нисбатан Андижон вилоят маъмурий судининг раиси Отабек Мирзамаҳмудов томонидан чиқарилган туҳмат, ҳақорат ва майда безорилик бўйича ҳукмни ана шу судья Мирзамаҳмудов қўл остида ишлайдиган Дилнир Халилов ўзгартиришсиз қолдирганди.

Блогернинг адвокати суд жараёни қонунбузарликлар остида ўтганини даъво қилиб, Олий судга шикоят қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг