Адлия вазирлигининг радио лойиҳаси ғолиблари аниқланди
Адлия вазирлиги ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг Конституцияга оид билимларидан қанчалик хабардорлигини синовдан ўтказиш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Yoshlar» радиоканали билан ҳамкорликда «Конституцияни биласизми?» радио лойиҳасини амалга оширди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилмоқда.
FM 104 тўлқинларида эфирга берилган «Конституцияни биласизми?» радио лойиҳа викторина шаклида 2018 йилнинг 7 ноябридан 2018 йил 8 декабрига қадар ҳафтанинг ҳар чоршанба ва жума кунлари ўтказиб борилди. Лойиҳанинг ҳар бир сонида бошловчи томонидан иштирок этувчиларга 3 тадан савол берилди ва 3 баллдан- 5 баллгача бўлган тартибда баҳоланди.
Тўғридан тўғри эфир шаклида олиб борилган лойиҳада республика худудларидан жами 100га яқин ёшлар иштирок этди.
Бир ой давомида иштирокчилар рейтинги шакллантириб борилди. Қоидага кўра, бир ой давомида энг кўп балл тўплаган иштирокчи ғолибликни кўлга киритиши керак эди.
Радио лойиҳада энг яхши натижалар кўрсатган Сирдарё вилоятидан Ҳилола Орзиқулова биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин жиззахлик Равшан Ҳалиловга насиб этди. Қашқадарё вилояти вакиласи Муножот Бегимқулова кучли учликдан жой олди.
Ғолиблар Адлия вазирлигининг махсус дипломлари ва кимматбахо совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter