1 августдан нималар ўзгаради?
Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали 2020 йил 1 августдан бошлаб ўзгарадиган муҳим воқеа ва қарорларнинг шарҳини эълон қилди.
- Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга рухсат берувчи гувоҳномалар чекланмаган муддатга берилади
Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш, шунингдек умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳнома чекланмаган муддатга берилади.
Ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида реализация қилинган табиий вино (қадоқлангандан ташқари) маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солинади.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар истеъмол этил спиртининг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
- Мажбурий ижро бюросининг қатор ваколатлари тегишли ташкилотларга ўтказилади.
Мажбурий ижро бюросининг қўйидаги ваколатлари тегишли ташкилотларга ўтказилади:
- электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларини жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказишга доир вазифа ва ваколатлар – Энергетика вазирлигига;
- электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ сотуви ва истеъмолини ҳисобга олиш бўйича вазифа ва ваколатлари – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминоти» АЖнинг ҳудудий ташкилотларига;
- электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга доир ваколатлар – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминоти» АЖнинг ҳудудий ташкилотларига ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга;
- электр энергияси ва табиий газни эҳтиёт қилиш ва улардан фойдаланиш юзасидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ва масъулиятини оширишга доир вазифа ва ваколатлар – Энергетика вазирлиги, Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминоти» АЖга;
- энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш тизимини комплекс таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга доир вазифалар – Энергетика вазирлигига.
- «Андижон», «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ «Очиқ осмон» режими жорий этилади
Жорий йил 1 августдан бошлаб:
- рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилишни назарда тутувчи «Очиқ осмон» режими «Андижон», «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади;
- хорижий авиакомпаниялар ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошира олади (бунда, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг учиш ва авиация хавфсизлиги бўйича стандартларига мувофиқ бўлиш талаб этилади);
- инвесторларнинг йўловчи ташувчи янги дор йўлларини («Чорвоқ» эркин туристик зонаси ҳудудида ташкил этилаётганлардан ташқари) қуриш ва жиҳозлаш учун йўналтирилган харажатларининг бир қисми ҳар бир 500 метр йўл учун Давлат бюджетидан Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида қопланади.
- Низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади.
Эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Давергеодезкадастр, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
- Айрим транспорт воситаларига утилизация йиғими жорий этилади
Транспорт воситасининг тури, тоифаси, ишлаб чиқариш муддатидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 бараваридан 1500 бараваригача утилизация йиғими ундирилади.
- Темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этади.
- Айрим транспорт воситаларини олиб кириш учун акциз солиғи ставкалари бекор қилинади
8701 (тракторлар), 8702 (10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари), 8703 (енгил автомобиллар) ва 8704 (юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари) ТИФ ТН кодлар бўйича транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.
8.Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш тизими йўлга қўйилади.
9. Давлат тилида маркировкаланмаган товарга мувофиқлик сертификати берилмайди
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари ишлаб чиқарувчи томонидан Ўзбекистоннинг давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилинмаган тақдирда, мазкур товарларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш тақиқланади (қонун ҳужжатларидаги истиснолардан ташқари).
- Нукус шаҳри ва вилоят марказларида умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлаш автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилади.
- Айрим театр ва музей-қўриқхоналар чипталарини сотиш БОЯТО орқали амалга оширилади
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон миллий академик драма театри, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва «Бухоро» давлат музей-қўриқхонасида чипталарни сотиш Билет операциялари ягона электрон тизими (БОЯЭТ) орқали амалга оширилади.
- Ўзбекистон Республикасининг «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуни кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter