Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янгийўлда ҳомиладор аёл тўсатдан вафот этди

Янгийўлда ҳомиладор аёл тўсатдан вафот этди

Ижтимоий тармоқларда янгийўллик ҳомиладор аёлнинг шифохонада вафот этгани ҳақида айтилган видеомурожаат тарқалди. Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 1997 йилда туғилган ҳомиладор аёл М.Қ. Янгийул шаҳридаги туғуруқ муассасасига шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси йўлланмаси билан мурожаат қилган ва 2023 йилнинг 14 ноябрь куни «Ҳомиладорлик-2, 31-32 ҳафта, муддатидан аввалги туғуруқ хавфи» ташхиси билан қабул қилинган.

«Марказда бемор зарур текширувлардан ўтказилиб, даво чоралари олиб борилган. Шу куни кечқурун аёлда кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолати кузатилган. Бемор ушбу ҳолатни сомса ва салат ейиши билан боғлаган. Инфекционист ва хирург кўриклари ташкил этилиб, ошқозон-ичак фаолияти бузилиши қайд қилинган. УТТ текширувида бачадон нормотонусда, жигар ва ўт пуфаги фаолияти нормал экани ташхисланган.

Шундан сўнг ҳомиладор аёл ундан хабар олгани келган турмуш ўртоғи билан учрашган.

Палатага қайтгандан сўнг кутилмаганда аёлнинг аҳволи оғирлашиб, ҳушидан кетган. Кўрсатилган реанимацион шошилинч тиббий ёрдам чораларига қарамай, беморда биологик ўлим ҳолати юз берган», дейилади расмий хабарда.

Суд тиббиёт экспертизаси дастлабки хулосасига кўра, марҳумада ҳомиладорликка алоқадор бўлмаган нейрофиброматоз хасталиги асоратлари оқибатида талоқ артериясининг, ичак тутқич томирларнинг спонтан ёрилиши тўсатдан ўлим ҳолатига олиб келган.

Маълумотларга кўра, артерияларнинг тўсатдан ёрилиши – наслий хасталик ҳисобланган нейрофиброматоз (Реклингхаузен синдроми)нинг асорати бўлиб, аксарият ҳолатларда ўлим билан якунланади.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар суриштирув олиб бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг