ДСБ: Тошкентда 311 миллион сўмлик тиббий ниқоблар ноқонуний савдога қўйилгани аниқланди
Жорий йилнинг 17-19 март кунлари пойтахтимизда тезкор тадбирлар ўтказилди.
Унда 123 минг 431 дона, умумий қиймати 311 миллион 200 минг сўмлик ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган тиббий ниқоблар, 2 минг 616 дона, умумий қиймати 104 миллион 640 минг сўмлик пахта ёғи ҳамда 7 минг 932 килограм умумий қиймати 29 миллион 400 минг сўмлик картошка ноқонуний равишда савдога қўйилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати хабар берди.
Шайхонтоҳур туманида Мардонбек Муродов (исм фамилиялар ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз 8 минг 750 дона, умумий қиймати 17 миллион 500 минг сўмлик тиббий ниқобларни савдога қўйгани маълум бўлди.
Шунингдек, Юнусобод туманида Зуфар Ғайратов (исм фамилиялар ўзгартирилган) ҳам мўмай даромад илинжида ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган 8 минг 400 дона, умумий қиймати 16 миллион, 800 минг сўмлик тиббий ниқобларни 3 минг сўмдан ноқонуний равишда пуллаётгани аниқланди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархларини сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида Учтепа туманида ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида фуқаро Қаҳрамон Ҳамроев (исм фамилиялар ўзгартирилган) 2 минг 616 дона, умумий қиймати 104 миллион 640 минг сўмлик пахта ёғини сотиш мақсадида сақлаётганлиги аниқланди.
Қаҳрамон Ҳамроев маҳсулотнинг сифат сертификати ҳамда тегишли ҳужжатларини тақдим эта олмади ва товарлар вақтинча олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ёғларнинг истеъмолга яроқлилиги ва фуқаронинг қўлига қандай йўллар билан етиб келгани ўрганилмоқда.
Профилактик тадбирлар давом эттирилиши айтилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter