Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судьянинг блок-постда калтакланишига оид қўшимча тафсилотлар маълум қилинди

Судьянинг блок-постда калтакланишига оид қўшимча тафсилотлар маълум қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Кеча жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди судьяси А. Эргашев Гулистон шаҳрида ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари зўравонлигига учрагани хабари берилганди. Яъниким, судья А. Эргашев 2020 йил 13 июль куни соат 08:30ларда «Нексия» автомашинасида Гулистон шаҳри остонасига ўрнатилган  блок-постга келганда шу ерда хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан тўхтатилади. А. Эргашев уларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, иш жойига бориш учун шаҳар ичкарисига кириши лозимлигини тушунтирганида ходимлар унга нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, «вилоят ҳокими келаётганлиги учун» (?!) постдан ўтказилмаслигини айтиб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатишади. Яъни, А. Эргашевни автомашинадан мажбуран тушириб, бош, елка ва қорин соҳаларига уриб тан жароҳатлари етказишади, сўнг бошқа ички ишлар органи ходими унинг транспорт воситасини ўзбошимчалик билан бошқариб, воқеа жойидан узоқроққа олиб бориб ташлаб келади.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Xabar.uz»га ҳолатга оид қўшимча маълумотларни маълум қилди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ишлари Сирдарёда вилоят прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан ўтказилмоқда. Ҳозирда 13 июль куни блок-постда хизмат ўтаган вилоят ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили Ш.Ибрагимов ва бошқа ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан вилоят ички ишлар бошқармасига хизмат текшируви тайинланган.

А.Эргашев бошқарувида бўлган автомашинадаги видеорегистраторда қайд этилган видеоёзув кўздан кечирилганда, дарҳақиқат, воқелик содир бўлган вақтда Сирдарё вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари блок-постда ўрнатилган темир тўсиқни очмасдан, вилоят ҳокими ва тез тиббий ёрдам автомашинаси келди деб, А.Эргашевни автоуловидан туширишади ва «Нексия»сини постдан тахминан 100-150 метр узоқликка олиб бориб қўйганлиги аниқланган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, А.Эргашевнинг чап қўл елка бўғими соҳаси ва чап оёқ тизза бўғими олд соҳалари қонталашлари ҳамда бош чап томон чакка-тепа соҳаси, чап билак кафт бўғими соҳаси, кўкрак умуртқалари соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлари мавжудлиги аниқланиб, ушбу жароҳатлар қаттиқ ўтмас жисмлар таъсирида (яъни қўл билан уриш, қўл бармоқлари билан қисиб ушлаш ёки шунга ўхшаш ҳолатларда) етказилган бўлиши мумкинлиги, одатда бундай жароҳатлар киши соғлиғининг 6 кундан кўп муддатга бузилишига сабаб бўлмаган «енгил шикаст» деб баҳоланиши айтилади.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан назорат ўрнатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг