Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур телеўйин иштирокчилари 2 млрд. сўмга алданди

Машҳур телеўйин иштирокчилари 2 млрд. сўмга алданди

Скриншот.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Ўзбекистондаги хусусий телеканалларининг бирида намойиш этилган «Омадингизни берсин» ўйинида қўлга киритган ютуқларини олиш имкони бўлмаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушган.

Ўйинда иштирок этган бир нечта иштирокчилар турли хил техника, телефон ва автомобиль ҳам ютиб олишган.

Аммо, кўрсатув суратга олиниб бўлганидан сўнг, телеўйин эфирга узатилгандан сўнг 90 банк иш куни ичида ҳомийдан совринлар берилиши мумкинлигини хабардор қилишган.

Агентлик сўрови ва ўйин ҳомийси тақдим этилган маълумотга кўра, намойиш этилган кўрсатувнинг жами 15 та сони ғолибларидан фақат 1,2,3 ва 12-сонларида бир нафардан иштирокчи ўз ютуқларини қўлга киритган, холос. Қолган 55 иштирокчи бугунги кунгача совринларини кутишмоқда. Таъкидланишича, телеўйинга иштирок этиш ва соврин ютиш умидида республиканинг турли вилоятларидан иштирокчилар пойтахтга келишган.

Бугунги кунга келиб, «Омадингизни берсин» телеўйини иштирокчиларининг умумий ютуқлари 2 миллиард сўмни ташкил этади.

Қимматбаҳо совринлар тарқатиладиган ва (ёки) ўйналадиган рағбатлантирувчи акцияларни ёхуд ушбу акцияларда иштирок этиш учун рекламадан фойдаланувчи томонидан бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилишини назарда тутадиган рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш чоғида реклама берувчи рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш бошлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида ва (ёки) эркин фойдаланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида акцияда иштирок этиш шартларини эълон қилиши шарт, дейилади агентлик маълумотида.

Рағбатлантирувчи акциялар ўтказилиши тўғрисидаги ахборотда ютуқни олиш эҳтимолини ошириб кўрсатувчи иборалар бўлмаслиги керак.

Тегишли мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.

Ундан ташқари иштирокчилари телеўйин низомидан хабардор бўлмаган ва уларга маълумотлар давлат тилида тақдим этилмаган.Бу билан Қонуннинг 21 моддасига хилоф иш тутилган.

Ўз навбатида Агентликнинг Махсус комиссияси томонидан «MIA- МАА» МЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 21-моддалари талаблари бузилганлиги ҳолати бўйича иш қўзғатилган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Кўрсатма берилган.

Шу билан бирга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг