Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инспектор огоҳлантирувига қарамай, унинг хизмат машинасини уриб қочган ҳайдовчи қўлга олинди

Инспектор огоҳлантирувига қарамай, унинг хизмат машинасини уриб қочган ҳайдовчи қўлга олинди

Бухоро вилояти Қоракўл туманида Кобалт ҳайдовчисини ИИБ ходимлари томонидан йўли тўсилиб, унга «тўхташ» ишорасида огоҳлантирув берилишига қарамай, у инспектор хизмат машинасини уриб қочган.

«Ҳар қандай ҳатти-ҳаракат жавобсиз қолмайди»,— дейди «Xabar.uz»га ҳолат ҳақида маълумот берган вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбарига кўра, Кобалт ҳайдовчиси спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Шуҳрат Жалоловнинг сўзига кўра, ижтимоий тармоқларда қоракўллик ҳайдовчининг қоидабузарлиги юзасидан ижтимоий тармоқларда видеохабар тарқалгунга қадар, унинг шахсини аниқлашга киришилган бўлган. Ҳайдовчи ўзининг машинасида номаъқул ҳатти-ҳаракатлари билан Қоракўл тумани ИИБ ЖХХ ХПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Абдулло Рустамов ўғли бошқарувидаги хизмат машинасини уриб қочган.

Таъкидланишича, 28 ноябрь куни соат 13:00 ларда Қоракўл туман ИИБ ЖХХ ХПБ профилактика инспектори ўз бошқарувида бўлган Кобалтда  туман марказий шифохонасидан «Пахтакор» маҳалласи томонга ҳаракатланиб бораётган бўлган. Туман марказий Деҳқон бозори ҳудудида унинг автомашинаси рўпарасидан ён ойналари қорайтирилган, давлат рақам белгисиз, қора рангли Кобалт келиб қолган. Ҳудудда хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар органлари ходимлари ҳайдовчига «тўхташ» ишорасини беришган ва оғзаки огоҳлантириб, йўлини тўсишган. Бироқ, ҳайдовчи уларнинг қонуний талабига бўйсинмаган ва инспектор бошқарувидаги Кобалтнинг олд қисмига қасддан уриб, унга шикаст етказиб, воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетган.

«Ҳолат содир бўлган вақтдаёқ, хизмат ходимлари томонидан ҳаракат бошланган. Вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимларининг тезкор ҳаракати билан ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритилди. Олиб борилган тезкор қидирув-суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатни содир этган шахс Қоракўл тумани «Қуввача» маҳалласида яшовчи 33 ёшли фуқаро Ж.М. экани аниқланди»,— дейди Шуҳрат Жалолов.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи ўзига тегишли автомашинани Олот туманидаги «Нуробод» маҳалласида ташлаб қочиб кетган. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.

«Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмай, қонуний талабларни менсимасдан, унга бўйсинмаган ҳолда  турли қоидабузарлик ва қонунбузарликларни келтириб чиқарадиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракат жавобсиз қолмайди»,— деди ахборот хизмати раҳбари.

Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ҳамда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг