Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энергетика вазирлиги аномал иссиқда тежамкор бўлишни сўради

Энергетика вазирлиги аномал иссиқда тежамкор бўлишни сўради

Фото: «Xabar.uz»

Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги барча ташкилотлар томонидан ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кунларида истеъмолчиларга энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, ушбу кунларда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станцияларда захира энергоблоклари ишга қўшилади. Электр энергияси етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида жорий йил бошидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 330 дан ортиқ трансформатор пунклари янгиланган.

Барча электр станцияларда 24 соатлик навбатчилик гуруҳлари ташкил этилди.

«Бунинг натижасида ишлаб чиқариш қувватлари барқарорлиги таъминланади. Худди шунингдек, электр тармоқларида фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 227 та аварияга қарши бригадалар ташкил этилди», дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, вазирлик юртдошларимизга мурожаат қилиб, республикамизда ҳаво ҳароратининг аномал даражада исиши натижасида электр қурилмаларида ортиқча юклама туфайли юзага келиши мумкин бўлган носозликларни олдини олиш мақсадида электр энергиясидан тежамкорлик билан, шунингдек, имкон қадар совутиш қурилмаларидан оқилона фойдаланишни, зарур бўлмаганда электр қурилмаларини тармоқдан ажратиб қўйишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17-22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучайиши сабабли кундуз кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати +47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг