«Бунёдкор» стадиони олдида тартибсизлик юзага келди
Бугун, 18 март куни Осиё кубоги чемпионатининг ёшлар ўртасидаги U-20 футбол мусобақасининг финал босқичи ўтказилади. Финал ўйинини томоша қилишни истовчи ишқибозлар сони стадиондаги ўриндиқлар сонидан анча кўпни ташкил қилмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, стадионнинг ўзида финал ўйинини томоша қилиш учун чипта сотиб олишга келган ишқибозлар 17 март куни «Бунёдкор» стадионидаги касса олдида жуда кўп тўпланиб кетишган. Касса олдига жамоат тартибини сақлаш мақсадида ИИО ходимлари жалб этилиб, унинг олди панжаралар билан тўсилган ҳамда фуқаролар навбат билан кириши йўлга қўйилган.
«Бироқ, тахминан соат 14.30 «Renessans TV» телеканали мухбири ва телеоператори ИИО ходимлари томонидан тўсилган панжарадан ошиб ўтган, бу эса бошқа фуқароларнинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлган. Жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларни тинчлантириш мақсадида, мухбир ва телеоператорга панжарадан ташқарига чиқиши лозимлиги тушунтирилган. ИИО ходимлари томонидан мухбир ҳамда телеоператорга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаган ва телеканал техникасига шикаст етказилмаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан ҳам ўзингиз кўриб гувоҳ бўлганингиздек, стадион кассалари олдида кўплаб фуқаролар тўпланиб кетган, навбатсиз чипта олишга бўлган уринишлар эса аянчли якун топиши мумкин эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ўз вақтида аралашувчи сабабли касса олдида жамоат тартиби бузилишига ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишига йўл қўйилмади», дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter