Боғча боласини калтаклаган тарбиячи ишдан ҳайдалди
Бухоро вилояти, Когон шаҳридаги хусусий боғчада ёш болани калтаклаган тарбиячи ишдан бўшатилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 20 ноябрь куни соат 9:30 ларда Когон шаҳридаги «Қуёшжон» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси тарбияланувчи болани урган. Ҳолат акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Қайд этилишича, мазкур маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Когон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганиш олиб борилган.
«Вазифасини қўпол равишда бузган тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ҳар қандай вазиятда ҳам тарбиячи ёки бошқа ходимнинг болаларга озор етказишга, уларни уриш ёки калтаклашга ҳақи йўқ. Ва бундай шахслар тизимда фаолият кўрсатишга нолойиқ», — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Ирода Орипова.
Айни пайтда тарбиячининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter