Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир гуруҳ фуқаролар Бош вазир билан учрашишни хоҳлашмоқда. Уларнинг муддаоси нима?

Бир гуруҳ фуқаролар Бош вазир билан учрашишни хоҳлашмоқда. Уларнинг муддаоси нима?

Фото: «Xabar.uz»

Айни пайтда Тошкентнинг «Мустақиллик майдони» яқинида тўпланган бир гуруҳ фуқаролар Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашишни хоҳлашмоқда. Воқеа жойида бўлиб турган «Xabar.uz» мухбирларига кўра, уларнинг ҳаммаси «HUMAN» хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрган фуқаролар бўлиб, фирибгарлик билан ўзлаштириб юборилган маблағлари тезроқ қайтарилишида ҳукумат раҳбари амалий кўмак беришини сўрашмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Воқеа жойига Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов етиб келган. Шунингдек, Меҳнат ва бандлик масалалари вазири, суд, ИИВ Тергов департаменти вакили ҳам шу ерда. Улар фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб боришмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Бироқ осон бўлаётгани йўқ. Фуқаролар тезроқ пули ундириб берилишини хоҳлашмоқда, мутасаддилар эса (амалдаги тартибга кўра) бу жараён муайян вақт талаб қилишини тушунтиролмай ҳалак...

Фото: «Xabar.uz»

...Маълумки, салкам бир ой бурун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шохнур Файзуллаев Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») 3-қисми «б», «в» бандлари, 189-моддаси («Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш») 1-қисми ва 243-моддасида («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. У агентликнинг жойларда ваколатхоналарини ташкил этиб, 2019 йил 13 сентябрга қадар фуқароларни Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пул олиб (амалда ҳеч кимни ҳеч қаерга юбормай), жуда кўп миқдордаги маблағга фирибгарлик йўли билан эга чиққанликда айбланган эди.

Алоҳида қайд этиш керак, жиноят иши доирасида 1080 нафардан ортиқ фуқаро жабрланувчи сифатида эътироф этилиб, судланувчидан улар фойдасига 21 млрд. 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланган.

Фото: «Xabar.uz»

Дастлабки тергов жараёнида бир миллиарддан кўпроқ пул маблағи ҳамда 5 та кўчмас мулк ва 5 та автотранспорт воситаси зарарни қоплаш чораси сифатида хатланган.

Фуқароларнинг ёзғиришича, хатлаган маблағ ва мол-мулклар зарарнинг тўртдан бирини қоплашга етади, холос. Устига устак, ҳукм ҳали ижрога қаратилмаган. Ижро ҳаракатлари эса бир кунда амалга ошадиган жараён эмас. Хатланган мулклар аукционда сотилиб, тушган пуллар жабрланувчиларга пропорционал тақсимланиши эътиборга олинса, фуқаролар яна кутиши, шундаям ҳақини майдалаб-майдалаб, боз йиллар давомида олиши мумкин. Жабрланувчилар эса бунга рози эмас. Улар орасида уйи ёки машинасини сотиб, ҳатто фоизга пул олиб тўлаганлар бор... Хуллас, ўтаётган ҳар кун шундоғам танг аҳволдаги жабрланувчиларнинг зарарига ишламоқда. Шу маънода уларни тушуниш мумкин.

Фото: «Xabar.uz»

Бундан ташқари фуқаролар фақатгина бир шахс — «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шохнур Файзуллаев жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳамма зарар унинг «бўйни»га илиб қўйилганидан ҳам норози. Битта одам шу-унча фуқарони «чув» тушириб кетиши тасаввурга сиғмайди-да. Хўш, қани унинг жиноий шериклари? Шунингдек, бандлик агентлигининг айрим вилоятдаги ваколатхоналари ходимлари фуқаролардан «қонуний тўлов»дан ташқари 50 АҚШ долларидан 100 АҚШ долларигача бўлган миқдорда «шапка» олгани ҳам айтилмоқда. Шунга қарамай уларнинг жавобгарлик масаласи очиқ қолган. Энг ёмони, барча айбни битта шахсга юклаб қўйилгани ўз-ўзидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаш имкониятини кескин пасайтиб юбораётир.

ИИВ Тергов департаменти вакилининг айтишича, «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖга оид жиноят иши ҳали тўла-тўкис ниҳоясига етгани йўқ. Агентликнинг бошқа хўжалик юритувчи субъектлари билан иқтисодий алоқаларига оид жиноят иши қисми алоҳида иш юритувига олиниб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Ш.Файзуллаевнинг эҳтимолий жиноий шерикларига оид яна бир« дело» бўлиб, унга оид тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан амалга оширилмоқда.

«HUMAN»га оид «иш»дан ажратиб, алоҳида иш юритувга олинган ҳар иккита «дело» хусусида эса ИИВ тергов департаменти ёки Бош прокуратура ҳозирча ахборот бергани йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг