Суд вазифасини бажарди, МИБ-чи?
Оддийгина кўринган масала шунчалар «тагига олиши» мумкинми?! Суд ҳужжати чиққанидан кейин ҳам вазият ўзгармагани-чи? Бунинг замирида қандай омиллар ётибди?
Хуллас, савол устига савол. Бироқ жўяли жавобнинг ўзи йўқ.
Муаммо нимада ўзи, дерсиз?
Эшитинг.
Сиз-у биздек истеъмолчи С.Б. анчадан буён «Lassetti» миниш орзусида эди. Имкониятини чамаи-чўт қилганди орзуси рўёбга чиқадигандай. Шартта «Сирдарё Автотеххизмат» МЧЖ билан шартнома тузиб, «Ипотека Банк» АТИБ Олмазор филиали орқали 10 000 000 сўм ўтказди. Энди пулнинг қолганини шартномада кўрсатилган муддатда тўлаши керак. Йўқса, орзу саробга айланади.
Аммо вазият тақозосига кўра С.Б. шартномада белгиланган кунга қадар автомашинага тўловни амалга ошира олмади. Шу сабабли келишувнинг 2.3 бандига асосан шартнома бекор қилинди.
Шартнома бекор қилингач, у тўлаган пул қайтарилиши керак.
Орадан бир йил ўтди, у тўлаган пул қайтарилса, қани?!
Масалага Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмаси аралашди. Шунда аён бўлдики, С.Б. тўлаган пул «Ипотека Банк» АТИБ банк филиали томонидан техник хато туфайли шартномада кўрсатилган ҳисоб рақамига эмас, балки «Сирдарё Автотеххизмат» МЧЖга туширилган экан?! Шунга қараймай, МЧЖ пулни эгасига қайтармаган, кейинчалик ҳам қайтаришга сиёқи йўқдай...
Агентлик истеъмолчининг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига ариза киритди. Масаланинг судда кўрилиши ҳам «дам еб» қолмади: беш кун деганда истеъмолчи С.Б. фойдасига «Сирдарё Автотеххизмат»дан (шартнома «Сирдарё Автотеххизмат» билан тузилган) ўн миллион сўм ундириш бўйича Суд буйруғи чиқарилди.
Истеъмолчи ҳуқуқи тикландими? Ҳа, ҳозирча фақат қоғозда. Чунки, суд ҳужжати икки ойдирки ижро этилгани йўқ. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари ижро ҳужжатига «кинна солишяптими» ёки бунинг бошқа сабаблари борми — ҳозирча бир нима дейиш қийин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter