«ОблГАИ» бошлиғи: «Очиқчасига гаплашамиз»
Яқинда, кутилмаганда биз, самарқандлик журналистларни вилоят ИИБ ЙҲХБ бошиғи Абдунаби Носировнинг шахсан ўзи «ОблГАИ»га чақириб қолди. Брифингга.
Аммо биз у кишини брифинг ўтказгани «қўймадик», тадбир «матбуот анжумани»га айлантирилди. Рост-да, озиб-ёзиб «ГАИ»ларнинг каттаси билан бир кўришамиз-у, у кишининг гапларини тинглаб, ўзимиз бир сўз демай, кетаверамизми? Бизда ҳам роса йиғилиб қолган саволлар бор.
Аввало, шуни айтишим керакки, Абдунаби Носировнинг анжуман бошиданоқ бизга айтган дангал гапи маъқул бўлди: «Бугун очиқчасига гаплашамиз». Ростдан очиқчасига гаплашдик, бунга мақолани тўлиқ ўқисангиз, гувоҳ бўласиз.
А.Носиров 2018 йил 30 августда Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳақида ва бу қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда нима ишлар қилиниши борасида гапирди. Ҳафтанинг ҳар жума куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни» деб эълон қилинганини, шунингдек, ҳар ойнинг учинчи жума кунида республиканинг барча минтақаларида «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилишини маълум қилди. Бу тадбир экологик ҳолатни яхшилаш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, автомобилсиз ҳаракатланиш мумкинлиги ва зарурлигини намойиш этишга қаратилганини айтар экан, шундай деди:
− Албатта, бу тадбир билан авариялар камаяди, инсон ўлими камаяди, дея олмайман, бу тақдир иродаси, аммо, ҳеч бўлмаганда, шу куни йўлларда машина камайиб, атроф-муҳитга етказиладиган зарар камаяди, пиёдалар сал эркинроқ юради, қолаверса, табиийки, фалокатлар ҳам камроқ бўлади.
Биз билган яна бир янгилик шу бўлдики, қарор ижроси доирасида энди мактабларда йўл ҳаракати қоидалари, ёнғинларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича ўқув дастурларини ўз ичига олган «Ҳаётий фаолият хавфсизлиги» мажбурий фани жорий этилар экан.
«ОблГАИ» бошлиғи бизга вилоятда бўлаётган кўплаб қоидабузарликларни ҳам тавсифлаб берди:
— Шу пайтгача биз журналистларнинг кўпгина саволларига тўғри жавоб беришдан қочиб келдик, баъзан яширдик, баъзан айтишга ҳақимиз бўлмади ва ҳоказо. Аммо энди очиқ айтамиз, шаҳарда, умуман, вилоятда йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол тарзда бузилишлари мавжуд. Яширмайман, республикамизда ҳар йили уч минг киши йўл транспорт ҳодисалари туфайли дунёдан ўтмоқда. Самарқандда ҳам ўлим билан тугайдиган авариялар оз эмас. Энди очиқ айтаман: Самарқанд шаҳрида тунги соат 3:00 ва 4:00 орасида «каттаконлар»нинг арзанда болалари иштирокида «гонка»лар бўлиб турибди. Мана, яқинда казо-казолар орага тушганига қарамасдан, шундай бир пойга иштирокчиларини тутиб, ишни судга оширдик. Суд қарори эълон қилингач, сизларга барчасининг исми шарифлари, суратлари, видеолавҳалари билан берамиз, ошкор қиласизлар.
А.Носиров вилоят ҳудудидан ўтган катта йўлларга ўрнатилган радарларга ҳам изоҳ бериб, бу борада сирларни яшириб ўтирмади:
— Вилоят ҳудудидан ўтган катта йўллар, айниқса, сурхондарёлик, қашқадарёлик «учар»лар юрадиган М-39 каби йўлларга кўп радарлар қўйдик. Чунки айнан шу йўлларда ҳайдовчилар тез юришлари сабабли аянчли оқибатлар билан якунланаётган авариялар кўпайиб кетган, бу аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган эди. Сиримиз эди-ю, сизларга айтаман: шу йўлларга қўйилган радарларнинг айримларим «муляж», яъни сохта. Кўринишидан ҳақиқийсидан фарқ қилмайди, чироқчалари ҳам ёниб туради. Аммо ана шу сохта радарлар ҳам «учар»ларга таъсир қилиб, улар ўрнатилган жойларда секин юришига ва оқибатда авариялар камайишига олиб келди.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан бир неча йўллар ўртасидаги арчалар кесиб ташлангани, бунинг оқибатида манзара қашшоқлашгани ҳақида ҳам саволлар берилди.
− Тўғри, айрим ҳудудларда арчаларни кесиб ташлашга эришдик. Вилоят ва туман ҳокимларини зўрға кўндириб, шу арчаларни кестирдик. Аслида, ана шу йўл ўртасига экилган арчалар фалокатлар ўчоғи эди. Биргина мисол: Булунғур тумани марказидан ўтувчи йўлда ана шу арчалар орасидан югуриб чиқиб қоладиган болалар, баъзан катталарни машина уриб кетиши оқибатида ҳар ойда битта-иккита ўлим ҳодисаси бўлиб туради. Бир ойда бешта фожеа содир бўлган пайтлар ҳам бўлди. Мана, арчаларни кестирганимизга беш ой бўлди, ўлим билан тугаган авариялар йўқ. Тўғри, битта ўлим бўлди, аммо унда марҳумнинг ўзи айбдор, роса кайфи баланд экан, ўзи машина остига кириб кетибди...
Анжуманда битта ҳақли савол ўртага ташланди: аварияларга кўпроқ вилоят йўлларининг расволиги, бутун вилоятдаги кўчалар, ҳатто Самарқанд шаҳри марказидаги кўчалар ҳам чуқурлар билан «безатилгани», «нормал» йўлнинг ўзи йўқлиги айтилиб, йўл ҳам бирор марта айбдор деб топилганми? Йўл транспорт ҳодисасида ҳайдовчи эмас, йўлсозларга чора кўрилганми?
− Ҳали амалиётда бунақаси кузатилмаган, бирор аварияда йўлсозларга нисбатан чора кўрилмаган, − деди А.Носиров. – Аммо менинг ҳам кўзим бор, мен ҳам шу шаҳарга ишга келдим ва ҳаммасини кўриб юрибман. Бундан кейин йўл транспорт ҳодисаси йўлнинг ёмонлиги, хусусан, чуқурлар, «қолоқ»лар, ўйиқлар, ўпирилишлар ёки қудуқларнинг қопқоғи очиқ қолиб кетганлиги туфайли содир бўлса, ҳайдовчини эмас, йўлсозларни жазога тортамиз.
А.Носиров бизларни қизиқтирган бир таклифни ҳам эълон қилди:
− Хабарингиз бор, биз ҳайдовчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, ким қоидабузарликни ўз машинасидаги видеорегистратор орқали тасвирга олиб, бизга юборса, уларни пул мукофоти билан рағбатлантираяпмиз. Худди шу сингари, биз сиз, журналистларни ҳам шартнома асосида ишлашга таклиф қиламиз. Фаолиятимизни ёритсангиз, битта бўлса ҳам йўл транспорт ҳодисасининг олдини оладиган мақола ёзсангиз, биз сизларга яхшигина қалам ҳақи тўлаймиз. Бундан ташқари, худди «Маҳалла посбони»га ўхшаган «Йўл посбони» деган ишга ёшларни таклиф қиламиз, уларга ойлик маош берамиз.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар ва, ўз навбатида, ЙҲХ ходимлари ишларининг самарадорлигини ошириш имконини берувчи амалий таклифларини ҳам айтдилар.
Каримберди Тўрамурод
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter