Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Ҳайдовчи ЙПХ ходимлари ҳаракатларини тасвирга олишга ҳақлими?

 Ҳайдовчи ЙПХ ходимлари ҳаракатларини тасвирга олишга ҳақлими?

Фото: «Xabar.uz»

Маълумки, яқинда Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 1.12.2018 йил, 975-сон қарори) тасдиқланди. Таъкидлаш шарт, қабул қилинган ҳужжатда йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимларининг транспорт воситалари ҳайдовчилари билан ўзаро мулоқотларида юзага келган кўплаб низоли масалалар илк бор ечимини топган.

Уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.

ЙПХ ходимлари қачон транспортни тўхтатишга ҳақли бўлмайдилар?

ЙПХ ходимлари транспорт воситасини тўхтатиши мумкин бўлган 7 та ҳолат тасдиқланди. Улар орасида — ҳужжатлар,  олиб кетилаётган юкларга оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш (махсус ва ҳарбий юклар, шунингдек божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, божхона хизмати томонидан пломбаланган юклар бундан мустасно) ҳам бор. Эътиборлиси, ҳужжатларни текширишга нафақат махсус тадбирлар (содда қилиб айтганда — «рейдлар») жараёнида рухсат берилади. Яъники, ЙПХ ходими фақат ҳужжатларни текшириш учун дислокацияси тасдиқланган ҳудудда исталган транспорт воситасини тўхтатишга ҳақли. Бунинг учун ЙҲҚнинг бузишилишини кутиб туриши шарт эмас.

Йўл-транспорт ҳодисалари, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини юзага келтириши мумкин бўлган ЙҲҚ бузилиши аниқланганда ЙПХ ходими ўзига бириктирилган ҳудуд дислокациясидан ташқарида ҳам транспорт воситасини тўхтатишга ҳақли бўлади. Қабул қилинган Низом маъносидан шу келиб чиқади. Тўғри, мазкур ҳолатда ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади, агар баённома кўрсатилган алоҳида ҳолатларда расмийлаштилган бўлмаса, у юридик кучга эга бўлмайди.

Бу муҳим! Ҳайдовчи дислокациянинг кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишишга ҳақли.

Ҳайдовчи машинадан чиқиши керакми ёки йўқми?

Автомобилдан чиқиш керакми-йўқми — бу савол ҳам хавфсизликка, ҳам одоб-ахлоққа дахлдор ҳолат. Қабул қилинган ҳужжатда транспорт воситаси ҳайдовчиси ва йўловчилари ЙПХ ходими тўхтатганда кабинадан чиқиши тўғридан-тўғри тақиқланмаган. Масалан, дунёнинг қатор мамлакатларида полициячиларнинг хавфсизлигини кўзлаган ҳолда бу ман этилган. Ахлоқий нуқтаи назардан айрим қоидабузарлар автомобилдан чиқишдан бош тортиш билан гўёки ЙПХ ходимларини писанд қилмаслигини намоён этишади.

Энди ЙПХ ходимининг талабига кўра ҳайдовчилар  машинадан тушишга мажбур бўлган 6 та ҳолат белгиланди:

  • транспорт воситасидаги техник носозликни ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш мақсадида;
  • ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқараётган деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлганда;
  • транспорт воситасининг двигатель ва агрегат қисмлари рақамларининг рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан фарқи аниқланган тақдирда бевосита ҳайдовчи иштирокида солиштириш мақсадида;
  • транспорт воситасига тегишли ҳужжатлар ёки унда олиб кетилаётган юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурати юзага келганда;
  • ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилинаётганда;
  • ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасида бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолларда (ҳайдовчининг руҳий ҳолатига, ёшига, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори воситалари таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида, транспорт воситасини бошқара олишига шубҳа бўлганда).

Ким кимни тасвирга олишга ҳақли?

Кўп муҳокама қилинган масалалардан бири — ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатларини қайд қилиш учун ҳайдовчининг фотосурат, аудио ва видеотасвирдан фойдаланиш ҳуқуқи. 2018 йил 4 декабрдан фуқароларнинг ушбу ҳуқуқи қонунчиликда тўғридан-тўғри мустаҳкамлаб қўйилди. Ягона чеклов фото ва видеотасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда бу ман этилади.

Агар ҳайдовчилар учун видеотасвирга олиш ихтиёрий бўлса, ЙПХ ходимларнинг учун бу 2019 йил 1 июлдан эътиборан мажбурий бўлади. Ҳар бир ходим мобиль видеокамера билан таъминланиб, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда ундан фойдаланиши шарт. ЙПХ ходими хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган бўлса, ҳайдовчи 2019 йил 1 июлдан эътиборан унга ўз ҳужжатларини тақдим этмасликка ҳақли бўлади.

Йўлда яширинча назорат олиб бориш мумкинми?

Йўлларда яширинча назорат олиб бориш (содда қилиб айтганда — «пистирмада ўтириш») тақиқланди. Энди ҳайдовчи қатнов қисмида ҳаракатланаётган пайтда ЙПХ ходимини кўриш имконига эга бўлиши керак. Бироқ шуни ҳам инобатга олиш лозимки, қабул қилинган Низомда ходимнинг яширинча назорат олиб боргани учун жавобгарлиги аниқлаштирилмаган, бундай тартибда аниқланган ЙҲҚни бузиш эса барибир жавобгарликка олиб келади.

Фақат шу назарда тутилган: ходим патруль автомобилларида фойдаланиш белгилаб қўйилган тезликни ўлчаш мосламаларини ўзбошимчалик билан ечиб олиб, уни хизматга алоқаси бўлмаган бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситаларига ўрнатган ёхуд хизматни ўташга алоқадор бўлмаган фуқароларни жалб қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ҳақиқий ҳисобланмайди. Ходим шахсий автомашинасига «радар» ўрнатишга ҳақли ёки ҳақли эмаслиги масаласи қабул қилинган ҳужжатда узил-кесил ҳал этилмаган. 
Бизнингча, яширинча назорат олиб боришга тақиқ ушбу ҳолатга нисбатан ҳам, шунингдек кўчма фоторадарлар ва мобиль комплекслар ўрнатилишига нисбатан ҳам татбиқ этилиши керак.

Таъқиб ва кузатиш

ЙПХ ходимининг тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаганда транспорт воситасининг орқасидан қувиш ва орқасидан боришга қонунан рухсат берилди. Бунда ЙПХ ходими қуйидагиларга амал қилиши шарт:

  • патруль автомобилида махсус чироқ-маёқча ва товушли сигналлар, шунингдек овоз кучайтиргич мосламаси мунтазам ёқилган ҳолатда бўлиши;
  • аниқ шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда ҳаракат тезлигини танлаши;
  • саф бўлим (бўлинма) ёки ИИБ навбатчисига ўзининг кетаётган жойи, қаердалиги ва ҳаракатнинг йўналиши тўғрисида маълум қилиб туриши;
  • йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик чораларини кўришлари бўйича хабардор қилиб бориши;
  • таъқиб қилиш ва кузатиш жараёнида транспорт воситасининг ҳаракатланишини чеклаш чораларини кўриши.

Бу — муҳим! Таъқиб қилиш ёки кузатиш вақтида йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли ҳаракатлар содир этиш тақиқланади.

Мазкур Низом Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.12.2018 йилдан кучга кирди. ЙПХ ходимлари мобиль видеокамералардан фойдаланиши қисмида ҳужжат 2019 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.

Самир Латипов

Манба: norma.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг