Антимонополия қўмитаси «Автотест»ни монопол сифатида қайд этиши мумкин
Ижтимоий тармоқларда, жорий йил 1 августидан эътиборан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар «Avtotest Report» МЧЖда малака оширишлари кераклиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарларда асосан икки жиҳат:
- Биринчидан, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар фақатгина «Avtotest Report» МЧЖда малака оширишдан норозилиги;
- Иккинчидан, малака ошириш талабини барча юридик шахсларга эмас, балки юк ва йўловчиларни ташиш фаолиятини олиб борувчи юридик шахсларга тадбиқ этиш лозимлиги илгари сурилаётганлиги кузатилмоқда.
Мазкур масалага Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз муносабатини билдирди.
Автотранспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралида «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сон қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорнинг:
1-бандига кўра, 2018 йил 1 августдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакаси ошириш фаолияти давлат таълим муассасалари, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар томонидан амалга оширилиши;
3-бандига кўра, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар, автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслардан ташқари — икки йилда бир марта малака оширишдан ўтиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Мазкур қарорнинг 2-иловаси билан Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида таълим жараёнини такомиллаштириш ва ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 30 апрелдаги 106-сон қарори 2-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташланган.
Яъни, «Avtotest Report» МЧЖ ва унга тегишли бўлган ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарадиган шахслар (ҳайдовчилар) малакасини ошириш фаолиятини юритиш бўйича алоҳида ҳуқуқи бекор қилинган.
Юқоридагиларга кўра, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарадиган шахслар (ҳайдовчилар) Ўзбекистон Республикасида тегишли фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган таълим муассасасида малакасини ошириш ҳуқуқига эга.
Шу билан бир қаторда, бугунги кунга қадар юридик шахсларнинг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини малакаси ошириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия талабларига фақатгина «Avtotest Report» МЧЖ ва унинг ҳудудлардаги филиаллари жавоб бериши аниқланди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, «Avtotest Report» МЧЖ автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини малакаси ошириш фаолиятини кўрсатиш бозорида 1 йилдан ортиқ муддат фаолият олиб бораётганлиги инобатга олган ҳолда Қўмита томонидан «Avtotest Report» МЧЖни монополист корхоналар реестрига киритиш бўйича ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахсларни икки йилда бир марта малака ошириш мажбурияти фақат юк ва йўловчиларни ташиш фаолиятини олиб борувчи юридик шахсларга эмас, балки ихтиёрида (балансида) автотранспорт воситаси мавжуд барча юридик шахсларга тадбиқ этилиши йўл ҳаракати хавфсизлигини, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кучайтириш мақсадида қабул қилинган.
Мазкур талаб юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тўсқинлик қилаётган деган хулосага келган субъектлар мажбуриятни бекор қилиш бўйича қонун ҳужжатини қабул қилган органга ёки Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат этиш ҳуқуқига эга, — дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter