Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўлсоз Путин, пичоқбоз Трамп, тўфандоз Ким Чен Ин (фото)

Йўлсоз Путин, пичоқбоз Трамп, тўфандоз Ким Чен Ин (фото)

Янги йилнинг илк ҳафтасида дунё айвонида уруш, ихтилоф ва беқарорлик ҳукм сурди. Xabar.uz ҳафта ҳодисаларига карикатуралар орқали назар ташлади.  

1.АҚШ президенти Жо Байден 2024 йилдаги илк сайловолди нутқида эҳтимолий рақиби Дональд Трампни «демократия учун жиддий таҳдид» деб баҳолади. Трамп бунга жавобан мухолифини «ожиз таъвия» деб атади. Колорадо, Мэн каби штатлар Трампнинг сайловда қатнашишини ман этган. Собиқ президент бу борада Олий судга шикоят йўллаган.

Карикатура: Kenny Tosh

2. Россия президенти Владимир Путин ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Украина ва Ғазо секторида урушни давом эттирмоқда. Масалан, 2 январь куни Россиянинг Киев ва Харьков шаҳарларига ракета ҳужуми оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлди, 130 киши жароҳатланди. Ғазода 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаёган урушда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 22430 нафарга етди, уларнинг 9730 нафари болалар, 6530 нафари аёллардир. 7000 киши бедарак йўқолган. 

Карикатура: Tjeerd Royaards

3. 5 январь куни Шимолий Корея Жанубий Корея билан низоли чегара ҳудудга юзлаб снарядлар отди. Жанубий Корея ҳам бунга шу тарзда жавоб қайтарди. Инсоний талафот кузатилмаган бўлса-да, Пхеньян ва Сеул ўртасидаги муносабат янада таранглашди. КХДР раҳбари Ким Чен Ин таҳдидли баёнотлар бермоқда. 

Карикатура: DW

4. Японияда душанба куни рўй берган кучли зилзила ва унинг ортидан кузатилган тўфон оқибатида ҳалок бўлганлар сони 126 нафарга етди. Икки юздан зиёд киши дараксиз йўқолган. Қидирув-қутқарув амалиёти тўхтатилгани йўқ, аммо расмий идоралар вақт ўтган сари йўқолганларни тирик ҳолда топиш имкони камайиб бораётганини айтган.

Карикатура: Ameen Alhabarah

5. 4 январь куни Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант урушдан кейин ҳам Ғазо секторида яҳудий армияси назорати сақланиб қолиши ҳақида баёнот берди. Араб дунёси оккупацияга қарши экани маълум. Тель-Авивнинг Ғазода ҳарбий назоратни сақлаш режаси Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан ҳам қабул қилинмади. Масалан, Франция фикрича, Фаластин ҳудуди саналган Ғазо тақдирини Исроил ҳал этишга ҳақли эмас. 

Карикатура: Hassan Bleibel

6. Pepsi ширкати ўз маҳсулотлари нархини ошириши ортидан Франция, Испания, Италия ва Бельгия супермаркетлари унга нисбатан бойкот эълон қилди. Супермаркетлар ширкат нархларни номақбул даражада оширган деб ҳисоблайди. Мусулмон дунёсида ҳам Исроилни дастаклаши важидан Pepsi маҳсулотларига бойкот давом этмоқда. 

7. Disney компанияси 1 январдан эътиборан дунёга машҳур Микки Маус персонажининг дастлабки оқ-қора тимсоли учун муаллифлик ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Эндиликда бошқа студиялар ушбу персонаж тасвиридан фойдаланган тақдирда Disney судга даъво билан мурожаат қила олмайди. 

Карикатура: Rainer Hachfeld

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг