Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна бир машъум рекорд қайд этилди

Яна бир машъум рекорд қайд этилди

2022 йилда дунё бўйлаб ҳарбий зиддиятларда 238 минг киши ҳалок бўлди. Қароргоҳи Австралиянинг Сидней шаҳрида жойлашган Халқаро иқтисодиёт ва тинчлик институти ҳисоботида қайд этилишича, XXI аср бошланганидан буён урушларда бу қадар кўп инсон бевақт ҳаётдан кўз юммаган эди.

Ўлимлар сони ошгани сабабларидан бири Украина урушидир. Россиянинг қўшни ўлкага босқини оқибатида ўтган йили 83 минг киши ҳалок бўлган. Эфиопиядаги қирғинбаротларда эса жаҳон бўйлаб энг кўп ўлим кўрсаткичи (100 минг) қайд этилган.

2022 йилда ҳарбий ихтилофлар жаҳон ишлаб чиқариши ҳажмини қарийб 13 фоизга қисқартирган.

Халқаро институт хулосасига кўра, глобал тинчликсеварлик даражаси кетма-кет тўққиз йилдан буён қуйига шўнғимоқда. Экспертлар ҳарбий зиддиятлар тобора байналмилал тус олаётганига ҳам эътибор қаратган. Айни вақтда сайёрамиз бўйлаб 91 мамлакат турли ҳарбий зиддиятларга аралашган. 2008 йилда 58 давлат қуролли ихтилофларда иштирок этган эди.

Глобал тинчликсеварлик индекси кейинги йилларда урушда бирор бир томоннинг ғалаба қозониши тобора мушкуллашиб бораётганини кўрсатмоқда. Масалан, Яман ва Сурияда 9 ва 12 йилдан буён ихтилофлар давом этмоқда, аммо ҳали бирор бир томоннинг қўли баланд келиши ҳақида аниқ гап айтиш амримаҳол.

Исландия дунёдаги энг тинч мамлакат деб топилган бўлса, Афғонистон 8 йилдан буён энг беқарор ўлка бўлиб қолмоқда. Яман, Сурия, Жанубий Судан ва Конго Демократик Республикаси ҳам уруш олови ловиллаб турган мамлакатлар саналади.

Халқаро иқтисодиёт ва тинчлик институти тадқиқотига қараганда, 2022 йилда ҳарбий зиддиятлар дунё мамлакатларига 17,5 триллион долларга тушган. Бу жаҳон ЯИМнинг 12,9 фоизи деганидир. Агар ушбу маблағ таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиётни ривожлантиришга сарфланганида, инсоният ҳаёти анча фаровонлашган бўлар эди, деб ҳисоблайди тадқиқот муаллифлари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг