Хитой юқумли касалликни енгди
Хитой Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг безгакдан холи мамлакат мақомини тасдиқловчи сертификатини олди.
«70 йиллик саъй-ҳаракатлардан сўнг Хитой ЖССТнинг безгакдан холи эканлигини тасдиқловчи сертификатига эга бўлди. Бу 1940-йилларда ҳар йили ушбу касаллик билан 30 миллион касалланиш ҳолати ҳақида хабар берган мамлакат учун ажойиб ютуқ», — дейилади ЖССТнинг чоршанба куни эълон қилинган баёнотида.
Ўз навбатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Хитой бу ютуққа машаққатли меҳнат эвазига, ўнлаб йиллар давомида мақсадли ва доимий ҳаракатлари натижасида эришганини таъкидлаб ўтган.
«Ушбу баёнот билан Хитой тобора кўпайиб бораётган мамлакатларга қўшилиб, дунёга безгаксиз келажак ҳаётий мақсад эканлигини намойиш этди», — дейди ЖССТ раҳбари.
Ташкилот маълумотларига кўра, сўнгги 30 йил ичида Хитой Тинч океани ғарбий минтақасидаги бундай сертификатни олган биринчи давлатга айланди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг безгак йўқлиги тўғрисидаги гувоҳномасига жами 40 мамлакат эгалик қилади. Охирги бўлиб улар сафига Сальвадор (2021), Aргентина (2019) ва Ўзбекистон (2018) ҳам қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс Соғлиқни сақлаш вазирига ЖССТнинг безгак касаллигини элиминация қилган давлат мақомини тасдиқловчи сертификатини тақдим этганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter