Хитой раҳбари АҚШ мулозими олдида Путинга ёқмайдиган баёнот берди
Бугун, 19 июнь куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Пекинда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди. The Washington Post нашри хабарига кўра, учрашув 35 дақиқа давом этган.
Цзиньпин Блинкенга Хитой Қўшма Штатлар манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлаб, Вашингтондан ҳам Хитой манфаатларига зид иш тутмасликни сўраган.
Блинкеннинг Пекинга ташрифи икки йирик давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашган даврга тўғри келмоқда. Аслида, Чин ўлкасига сафар жорий йил февралда ўтиши режалаштирилган эди. Аммо Қўшма Штатлар ҳудудида Хитойга қарашли аэростат – ҳаво шари жосуслик ашёси сифатида уриб туширилгач, ташриф кейинга қолдирилди.
Икки кунлик ташриф давомида АҚШ давлат котиби Хитой ташқи ишлар вазири Цинь Ган ва Компартиянинг ташқи сиёсат бўйича юқори мартабали мулозими Ван И билан музокара ўтказган. Цинь Ган музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги алоқалар 1979 йилдан буён энг қуйи даражага тушганини қайд этган. Хитой томони Тайвань масаласини энг оғриқли муаммо деб атаб, бу борада муросага борилмаслигини уқтирган.
Давлат котибининг Хитой раҳбари билан учрашуви сўнгги соатларга қадар аниқ эмас эди. Ушбу фактнинг ўзиёқ Вашингтон–Пекин муносабатлари нечоғли совуқлашганини тасдиқлайди.
Россиялик сиёсатшунос Аркадий Дубнов Цзиньпин Блинкен билан учрашувда президент Владимир Путинга ёқмайдиган фикр билдирганига эътибор қаратган.
Цзиньпин америкалик мулозим билан суҳбатда инсоният келажаги Хитой ва АҚШнинг ўзаро тил топишиб яшашига боғлиқ эканини таъкидлаган.
«Бу Хитойнинг XXI асрда дунё етакчилиги йўлидаги очиқ даъвосигина эмас, айни чоқда, Кремлга, Путинга аниқ ишора ҳамдир – яқин истиқболда Пекин ва Вашингтонга қараб одим отиш таклиф этилаётир. Бу Россиянинг тамаддун давлати сифатида четга сурилишини ҳам англатади», – деб ёзади А.Дубнов.
Таҳлилчи яқин муддатда Пекин Вашингтон билан Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича Москвага у қадар хуш келмайдиган келишувга эришишини ҳам истисно қилмаган.
А.Дубнов Россия пропагандаси ҳар қандай вазиятда ҳам сир бой бермай, АҚШ ва Хитой тандеми Москва ва Пекиннинг стратегик ҳамкорлигига соя солмаслигини тараннум этишини қўшимча қилган.
Давлат котиби Блинкен Жо Байден президентлиги даврида Хитойга ташриф буюрган энг юқори мартабали мулозим экани айтилмоқда. Америка бош дипломатининг ташрифи икки давлат ўртасида Украина босқини борасида жиддий келишмовчиликлар юзага келган шароитда ўтди.
Аслида, Пекин ҳамда Вашингтон ўртасидаги муносабатлар президент Трамп бошқаруви даврида икки томонлама савдо-иқтисодий зиддиятлар, Ҳонконгда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва COVID-19 пандемияси сабаб совуқлашди. Хусусан, COVID-19 вакцинасини ўғирлашга уриниш важидан жиддий дипломатик зиддият юзага келди.
Хитой жосусларининг президент Байден маъмуриятига таъсир кўрсатиш учун қатъий суратда саъй-ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам тутаб турган оловга мой сепгандек таъсир кўрсатди.
Пировардида АҚШ Хитойни очиқ-ошкора ўрта ва яқин истиқболда мамлакат учун асосий ташқи таҳдид деб атади.
Кейинроқ Вашингтон Пекинга технология соҳасида «уруш очди».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter